30.03.2018

Кичик саноат зоналарида аҳвол қандай?

Халқ депутатлари Қашқадарё вилояти Кенгаши депутатлик гуруҳининг навбатдаги йиғилишида ана шу масала муҳокама қилинди.

Қарши шаҳридаги кичик саноат зонасида ташкил этилиши кўзда тутилган 12 тадбиркорлик субъектидан ҳозир атиги 4 таси фаолият кўрсатяпти, холос. Назарда тутилган 91 янги иш ўрнидан амалда 36 таси яратилган. Шаҳрисабз шаҳар кичик саноат зонасида эса 9 субъектдан 7 таси фаолият юритмоқда. Режалаштирилган 69 иш ўрнидан амалда 42 таси ташкил этилган. Нишон туманида ташкил этилган кичик саноат зонасида ҳам аҳвол шундай. Рўйхатга олинган 7 субъектдан 4 таси фаолият юритмоқда. Яратилиши лозим бўлган 55 янги иш ўрни ҳам мўлжалдагидан кам.

Ўрганишлар шуни кўрсатадики, кичик саноат зоналарида тадбиркорларнинг эркин фаолият юритиши учун етарлича шароит яратилмаган. Хусусан, тадбиркорлар ўртасида ўтказилган сўровлардан маълум бўлишича, кичик саноат зоналарида йўл коммуникацияси, табиий газ ва электр таъминоти билан боғлиқ кўплаб муаммолар борки, ушбу ҳолатлар тадбиркорларнинг ишлашига тўсқинлик қилмоқда.

Йиғилишда Шаҳрисабз, Қарши шаҳарлари ва Нишон туманида ташкил этилган кичик саноат зоналарининг бугунги кундаги фаолияти тўғрисида юқорида санаб ўтилган шаҳар ва туман ҳокимларининг иқтисодий ва тадбиркорлик масалалари бўйича ўринбосарларининг ҳам ҳисоботлари тингланди.

Шунингдек, “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили” Давлат дастури асосида вилоятда 2018 йил учун белгилаб олинган вазифалар тўғрисида Қашқадарё вилояти иқтисодиёт бош бошқармаси бошлиғи, вилоят маҳаллий бюджетининг 2018 йил учун белгилаб олинган параметрлари тўғрисида вилоят молия бошқармаси бошлиғи ва “Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак” деган тамойил асосида вилоятда электр энергияси таьминотини яхшилаш борасида олиб борилаётган ишлар тўғрисида вилоят электр тармоқлари ОАЖ раҳбарининг ҳам маърузаси тингланди.

Йиғилиш сўнггида саноат зоналарида амалга оширилаётган ишларни жадаллаштиришни назорат қилиш халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси депутатлик гуруҳи аъзоларига юклатилиши юзасидан фикр-мулоҳазалар билдирилди. Кун тартибидаги масалалар юзасидан партия депутатлик гуруҳининг тегишли қарори қабул қилинди.

Бу ҳақида УзА маълумот беради.

Возврат к списку


загрузка карты...