08.02.2018

Тадбиркорлар учун яна имконият

"Банкротлик тўғрисида"ги қонунга киритилган ўзгартиришлар айрим сабабларга кўра иш фаолияти тўхтаган, банкрот, деб топилган тадбиркорлар учун яна бир имконият эшикларини очди.

Маълумотларга қараганда, бугунги кунда пойтахтимизда якка тартибдаги тадбиркор мақомини йўқотган 500 нафардан ортиқ жисмоний шахснинг 8,6 миллиард сўм умидсиз солиқ қарзи мавжуд. Мазкур қарздорликни банкротлик тамойили орқали ҳисобдан чиқариш кўзда тутилмоқда. Бунинг натижасида фаолияти тўхтаб турган якка тартибдаги тадбиркорлар ўз фаолиятини яна давом эттириши учун йўл очилади.

Тадбиркорлик субъектлари томонидан шу йилнинг биринчи чораги якунига қадар банкротлик очишга доир аризалар киритилса, биринчи ярим йилликда ҳисобдан чиқариш кўзда тутилмоқда. Йилнинг иккинчи ярмидан бошлаб ушбу тадбиркорлик субъектлари ўз ишини давом эттириши мумкин.

Семинарда якка тартибдаги тадбиркор мақомини йўқотган, умидсиз солиқ қарзи мавжуд бўлган жисмоний шахсларга нисбатан банкротлик тамойилини очиш бўйича иқтисодий судга ариза киритилиши масалалари кўриб чиқилди. Банкрот деб топилган корхона ва ташкилотларнинг солиқ қарзини ундирувни субсидиар тарзда раҳбар ёки таъсисчиларга қаратишда Фуқаролик судларига киритилаётган аризаларда учраётган муаммолар ва уларни бартараф этиш масалалари муҳокама этилди.

Судьялар суд бошқарувчилари томонидан банкрот тамойили қўлланилган хўжалик субъектларини тугатиш жараёнининг қонунда белгиланган муддатларда тугатилмасдан қолинишига сабаб бўлаётган муаммолар ва уларни ҳал этиш масаларига алоҳида эътибор қаратди.

– Авваллари якка тартибдаги тадбиркорнинг муддати тугаган бўлсада, уни банкротликка бериш амалиёти мавжуд эмасди. Бу қонунчилигимизда йўқ эди, – дейди Тошкент туманлараро иқтисодий суди раиси вазифасини бажарувчи Илҳомжон Ражабов. – Эндиликда собиқ якка тартибдаги тадбиркорларга ҳам банкротлик иши қўзғатиладиган бўлди. Агарда якка тартибдаги тадбиркорнинг номида ягона турар жойи бўлса ва унда оила аъзолари билан доимий рўйхатда турса, ундирув ушбу мол-мулкка нисбатан қаратилмайди. Соҳага киритилаётган бу каби ўзгартиришлар суд органларининг иши самарадорлигини ошириш билан бирга, қарздор ва кредиторнинг ҳуқуқларини ҳам ҳимоя қилишга хизмат қилади.

Семинарда бугунги кунда узоқ вақтдан бери тугатилмасдан турган 225,4 миллиард сўм солиқ қарзига эга 129 корхонанинг суд бошқарувчилари ҳисоботи эшитилди. Улардаги муаммоларни бартараф этиш чоралари кўрилиб, тугатиш бўйича аниқ муддатлар белгилаб олинди.

Возврат к списку


загрузка карты...