23.11.2017

Банк-молия тизимини такомиллаштиришдаги устувор вазифалар муҳокама қилинди

Тадбир Банк-молия академияси, ЎзЛиДеП сиёсий кенгаши ижроия қўмитаси ва Тошкент молия институти ҳамкорлигида ташкил этилди.

Мамлакатимизда иқтисодий барқарорликни таъминлаш ва унинг самарадорлигини оширишга қаратилган изчил ишлар амалга оширилаётир. Хусусан, валюта сиёсатини эркинлаштириш борасида кўрилаётган чора-тадбирлар иқтисодиёт тармоқлари рақобатбардошлигини мустаҳкамлаш, экспорт қилувчи корхоналар фаолиятини қўллаб-қувватлаш, инвесторлар учун қулай бизнес муҳитини яратишда муҳим омил бўлмоқда.

Банк-молия академияси ректори вазифасини бажарувчи А.Бекмуродов ва бошқалар валюта бозорини халқаро талаблар даражасида ислоҳ этиш, валюта барқарорлигини мустаҳкамлашда монетар сиёсат воситаларининг аҳамиятини ошириш бўйича олиб борилаётган ишлар ўз самараларини бераётганини таъкидлади. Президентимиз ташаббуси билан ишлаб чиқилган Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифалар ижроси доирасида банк тизимини янада такомиллаштириш, кўрсатилаётган хизматлар турларини жорий этиш тамойиллари муваффақиятли амалга оширилаётгани қайд этилди.

Илмий маъруза ва амалий машғулотлар тарзида ўтган тадбирда валюта сиёсатини эркинлаштиришнинг миллий иқтисодиётдаги ўрни, давлат молия тизимини такомиллаштиришнинг устувор масалалари, иқтисодий ўсишни солиқлар орқали рағбатлантиришнинг замонавий тенденциялари, инвестициявий муҳит жозибадорлигини таъминлаш омиллари, молия тизимини модернизация қилиш ҳамда халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди.

– Банкларнинг инвестиция лойиҳаларига сармоя киритишининг таъсирчан усулларини амалиётга жорий этиш партиямиз дастурида қайд этилган, – дейди ЎзЛиДеП сиёсий кенгаши ижроия қўмитаси раиси вазифасини бажарувчи Б.Ёқубов. – Бундай тадбирлар соҳадаги долзарб масалалар юзасидан асосланган таклифлар ишлаб чиқишда мамлакатимиздаги етакчи илмий-таҳлил марказлари ва хорижлик мутахассислар ҳамкорлигини йўлга қўйишда муҳим аҳамиятга эга.

Конференцияда таъкидланганидек, мамлакатимиз банк-молия соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳамда яратилаётган қулай ишбилармонлик муҳити макроиқтисодий барқарорликка эришиш учун қулай шароит яратмоқда.

Ташқи савдо фаолияти босқичма-босқич эркинлаштирилиши ва миллий валюта алмашинув курсининг рағбатлантирувчи динамикага эга бўлиши натижасида 2017 йилнинг ўн ойи давомида экспорт орқали кириб келаётган валюта тушумлари ҳажми ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 20 фоиздан зиёдга ўсди.

– Ўзбекистонда иқтисодиётни ислоҳ қилиш, банк тизимини эркинлаштириш ва барқарорлигини ошириш жараёни бозор механизмларини инобатга олган ҳолда амалга оширилмоқда, – дейди Япония Молия вазирлиги қошидаги Сиёсий тадқиқотлар институти президенти Тошинори Дои. – Яратилган ҳуқуқий асос ва сиёсий ирода бозор иқтисодиёти шароитида ислоҳотлар ижобий натижалар беришини таъминламоқда. Ҳамкорлигимиз доирасида иқтисодиётга халқаро стандартларни жорий қилиш борасидаги дастурларда иштирок этишга тайёрмиз.

Тадбир доирасида халқаро ва маҳаллий экспертлар томонидан банк-молия тизимида янги хизмат ва имтиёзларни жорий этишга қаратилган маърузалар тингланди, билдирилган фикр-мулоҳазалар юзасидан таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди.

Возврат к списку


загрузка карты...