08.08.2017

Мамлакатда ишбилармонлик муҳитини яхшилаш иқтисодиётни ривожлантириш ва халқ турмуш фаровонлигини таъминлашнинг асосидир” мавзусидаги мулоқот ҳақида

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-деморкатик партияси Наманган вилояти кенгаши томонидан тадбиркор ва фермерлар иштирокида ўтказилган “Мамлакатда ишбилармонлик муҳитини яхшилаш иқтисодиётни ривожлантириш ва халқ турмуш фаровонлигини таъминлашнинг асосидир” мавзусидаги мулоқотда бу жиҳатларга алоҳида эътибор қаратилди.

– Бугунги кунда ташаббус ва янги бизнес лойиҳа билан чиқаётган тадбиркорлар асосан ер майдони ва банк кредити ажратилиши, хомашё, экспорт каби масалаларда айрим қийинчилик ва муаммоларга дуч келаётгани бор гап, – дейди партия вилоят кенгаши аппарати раҳбари Н.Абдуллаев. – Мазкур мулоқот депутатлар иштирокида ана шундай муаммоларга ечим топиш ва келгусида бу борада депутатлар ваколатидан самарали фойдаланишни таъминлаш мақсадида ташкил қилинди.

Тадбиркорларга ер ажратилиши борасида дуч келинаётган муаммоларга изоҳ берган вилоят архитектура ва қурилиш бошқармаси бўлим бошлиғи Т.Икромов кўпинча маҳаллий ҳокимликлар томонидан ерни фақат кимошди, тендер савдолари орқали олиш мумкинлиги рўкач қилиниб, тадбиркорлар талаби қондирилмаётганини таъкидлади.

– Айрим тадбиркорлар қонунларни яхши билмаслиги оқибатида сарсон бўлмоқда, – дейди Т.Икромов. – Ваҳоланки, кичик саноат, махсус индустриал зоналардан ер ажратилиши учун ҳеч қандай танлов, кимошди савдоси ўтказилиши кўзда тутилмаган, буни тадбиркорлар яхши билишлари лозим.

Мулоқотда тадбиркор ва фермерлар ўз фаолиятида дуч келаётган, ривожланишга халақит бераётган кўплаб муаммолар ўртага ташланди ва муҳокама қилинди.

– 2006 йилдан буён боғдорчилик ва узумчилик йўналишидаги фермер хўжалигига раҳбарлик қиламан, – дейди Янгиқўрғон туманидан Т.Ғофуров. – Аҳолини арзон ва сифатли мева билан таъминлаш баробарида меҳнатга яраша даромад, фойда кўриш, хўжаликни янада ривожлантиришни истайман. Бироқ боғларимиз юқори кучланишли насослар ёрдамида суғорилиши ва бунга катта миқдорда маблағ сарфланаётгани молиявий ҳолатимизга салбий таъсир кўрсатмоқда. Шунинг учун сув насосларини вилоят насослар бошқармаси тасарруфига ўтказишни таклиф қиламан.

– 23 йилдан бери адирликда ғалла ва пахта етиштираман, – дейди ”Чуст” фермер хўжалиги раҳбари И.Шокаримова. – Сув, суғориш масаласи оғирлиги туфайли ҳосилдорлик 15 центнердан ошмайди. Шуни ҳисобга олиб, бизнинг еримизда пахта ёки ғалла эмас, сабзавот етиштириш мақсадга мувофиқ бўлар эди. Шу таклифни партия фаоллари, депутатлар кўриб чиқиб, маҳаллий Кенгашлар сессиясига киритиши лозим.

Учқўрғонлик тадбиркор, “Осиё семена” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Қ.Райимжонов 105 миллион сўмлик банк кредити ёрдамида хориждан лак-бўёқ ишлаб чиқариш бўйича замонавий технология келтириб ўрнатгани, бироқ маҳсулот ишлаб чиқариш учун зарур бўладиган тоза сув масаласида муаммо юзага келганини билдириб, мурожаат қилди. Бу масала бўйича туман ҳокимлиги ва тегишли ташкилотларга бир неча бор мурожаат қилганига қарамай, масала ҳамон ечилмаётганини таъкидлади.

Мулоқотда тадбиркор ва фермерларни қийнаётган муаммолар, турли бюрократик тўсиқлар, қоғозбозлик ва уларни бартараф этиш юзасидан фикр алмашилди. Вилоят ер ресурслари ва давлат кадастри бошқармаси, Ўзбекистон Республикаси Марказий банки вилоят бош бошқармаси, вилоят давлат солиқ бошқармаси масъул ходимлари томонидан иштирокчиларнинг саволларига жавоб қайтарилиб, вилоят, туман-шаҳар миқёсида ҳал этилиши мумкин бўлган муаммоларга шу жойнинг ўзида ечим топилди. Республика миқёсидаги масалалар бўйича Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги партия фракцияси орқали тегишли вазирлик ва идораларга мурожаат қилиш юзасидан вазифалар белгилаб олинди.

Возврат к списку


загрузка карты...