30.08.2017

Ташқи иқтисодий фаолият билан шуғулланувчи тадбиркорлар иштирокида очиқ мулоқот

Унда тадбиркорлик субъектларига берилаётган имтиёз ва преференциялар, экспорт соҳасида яратилаётган қулайликлар ҳамда улардан самарали фойдаланиш, ишбилармонлар манфаатларини таъминлаш, тўлақонли фаолият юритишга тўсқинлик қилаётган омилларни аниқлаш ва бартараф этиш масалалари кўриб чиқилди.

Бошқарма бошлиғининг биринчи ўринбосари Т.Режапов ва бошқалар давлатимиз томонидан тадбиркорлик субъектларига барча жабҳаларда қулай шарт-шароитлар яратиб берилаётгани, жумладан, божхона соҳасида ҳам қатор тартиб-таомиллар соддалаштирилаётгани, божхона тўловларида имтиёзлар берилиб, соҳа йўналишида қўшимча имкониятлар яратилаётганини таъкидлади.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 21 июндаги «Маҳаллий экспорт қилувчи ташкилотларни янада қўллаб-қувватлаш ва ташқи иқтисодий фаолиятни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори тадбиркорларга қатор қулайликлар яратди.

Унга кўра, тадбиркорлик субъектларига ҳўл мева-сабзавот, узум ва полиз маҳсулотларининг ҳақини олдиндан 100 фоиз тўлаш шарти билан тўғридан-тўғри шартномалар асосида экспорт қилишга рухсат этилди. Ўзи ишлаб чиқарган маҳсулотларни экспорт қилувчи ташкилотлар учун амалда бўлган имтиёз ва преференциялар ўзлари эгаси бўлган маҳсулотларни экспорт қилувчи ташкилотларга татбиқ этилиши белгиланди. Шунингдек, келтирилаётган ва ишлаб чиқарилаётган товарларнинг мувофиқлик сертификатини расмийлаштириш муддатлари 3 иш кунигача қисқартирилди.

Президентимизнинг 2017 йил 15 августдаги «Ўзбекистон Республикасининг ташқи иқтисодий фаолиятини янада тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори билан халқаро амалиётда умумэътироф этилган ташқи савдо фаолиятини божхона-тариф йўли билан тартибга солиш методларини қўллаш асосида аҳолини муҳим ва сифатли озиқ-овқат ҳамда дори воситалари билан таъминлаш мақсадида жорий йил 1 сентябрдан бошлаб мамлакатимизга четдан келтириладиган айрим турдаги товарларга нисбатан қўлланиладиган акциз солиғи ҳамда божхона божи ставкаларига қатор ўзгартиришлар киритилди.

Масалан, буғдой уни учун 5 фоиз миқдорида ундириб келинган акциз солиғи бекор қилинди. Гўшт маҳсулотлари учун белгиланган божхона божи ва акциз солиғи ставкалари сезиларли даражада пасайтирилди. Сариёғ маҳсулоти учун белгиланган божхона божи бекор қилинди.

Мулоқотда қайд этилганидек, ташқи иқтисодий фаолият товар номенклатурасининг 3001 позициясидан 3004 позициясигача бўлган ҳамда 3006 позициясидаги фармацевтика маҳсулотлари учун белгиланган божхона божлари бутунлай бекор қилинди. Бу эса, мамлакатимиз аҳолисини муҳим ва арзон дори воситалари билан таъминлашда алоҳида аҳамият касб этади.

Тадбир давомида тадбиркорлар саволларига жавоб қайтарилди.

Нурилло Насриев, ЎзА

Возврат к списку


загрузка карты...