03.10.2016

Тадбиркорлар ҳимояси янада мустаҳкамланмоқда

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон либерал-демократик партияси фаоллари, прокуратура, суд, ички ишлар идоралари, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси вилоят ҳудудий бошқармаси, фуқаролик жамияти институтлари вакиллари ва тадбиркорлар иштирок этган тадбирда мамлакатимизда иқтисодий-ижтимоий ва ҳуқуқий соҳаларни янада ислоҳ қилиш, эркин тадбиркорлик фаолиятини қарор топтириш борасида амалга оширилаётган ишлар юксак самаралар бераётгани таъкидланди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёев жорий йил 5 октябрда имзолаган “Тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлашга, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилишга ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармон мазкур соҳадаги ислоҳотларни янада чуқурлаштириш, уларнинг фаолият самарадорлигини оширишга хизмат қиладиган муҳим ҳуқуқий ҳужжат бўлди.

– Фармонда 2017 йил 1 январдан бошлаб тадбиркорлик субъектларини ҳуқуқий ҳимоялашга қаратилган кўплаб нормалар амал қилиши белгиланган, – дейди вилоят адлия бошқармаси бошлиғи А.Халилов. – Энди кичик бизнес корхоналари фаолиятини режадан ташқари текширишларнинг барча турлари бекор қилинади. Юридик шахслар тугатилаётганида, шунингдек, жисмоний ва юридик шахсларнинг қонунчилик бузилгани ҳолатлари бўйича берган мурожаатлари асосида фақатгина Назорат қилувчи органлар фаолиятини мувофиқлаштирувчи Республика кенгаши қарорига мувофиқ ўтказиладиган қисқа муддатли текширишлар бундан мустасно. Жиноят ишлари доирасидаги муқобил текширишларнинг барча турлари ҳам бекор қилинади, тадбиркорларга нисбатан ўз фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқидан маҳрум этиш тарзидаги жиноий жазо қўлланилмайди.

Тадбирда кичик бизнес ривожи йўлидаги тўсиқ ва ғовларни бартараф этишда хўжалик судларининг роли, тадбиркорлар ҳуқуқини ҳимоялашда фуқаролик жамияти институтларининг ўрни каби масалалар юзасидан фикр алмашилди.

УзА ахборот агентлиги

Возврат к списку


загрузка карты...