11.10.2016

Тадбиркорлик субъектларига 76 мингдан зиёд электрон давлат хизмати кўрсатилди

Парламент қуйи палатасининг Ахборот ва коммуникация технологиялари масалалари қўмитаси раиси ўринбосари Э.Холбўтаев, ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирининг биринчи ўринбосари А.Файзуллаев, адлия вазирининг ўринбосари А.Усмонов ва бошқалар мамлакатимизда тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини қонуний ҳимоя қилиш, эркин фаолият юритиши учун асоссиз текширувларга чек қўйиш, ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан янада яхшилаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёев 2016 йил 5 октябрда имзолаган “Тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлашга, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилишга ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармон соҳадаги ислоҳотларни янги босқичга кўтармоқда.

Семинарда тадбиркорлик субъектларига “ягона дарча” тамойили бўйича давлат хизматлари кўрсатиш ягона марказларининг самарали фаолияти, уларнинг тадбиркорлик субъектларини рўйхатга олиш, лицензиялаш ва бошқа рухсат берувчи тартиб-тамойиллар муҳокама қилинди.

Биринчи Президентимиз Ислом Каримовнинг 2015 йил 28 сентябрдаги “Тадбиркорлик субъектларига “ягона дарча” тамойили бўйича давлат хизматлари кўрсатиш тартибини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ мамлакатимизда 194 “Ягона дарча” маркази ташкил этилган.

– 2016 йил 1 январдан бошлаб мамлакатимизнинг барча ҳудудларида тадбиркорлик субъектларига “ягона дарча” тамойили асосида давлат хизматлари кўрсатиш бошланган, – дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербоев. – Мазкур марказларда тадбиркорлик субъектларини рўйхатга олиш ва ҳисобга қўйишни автоматлаштирилган тизим орқали 24 соат узлуксиз амалга ошириш тартиби жорий этилди. 2016 йил 1 октябрь ҳолатига кўра, марказларда 76 мингдан зиёд давлат хизмати кўрсатилди. Марказлар томонидан кенг кўламли ахборот хизматлари йўлга қўйилиб, ҳозирга қадар тадбиркорлик субъектларига юз мингдан зиёд бепул маслаҳат берилди.

Семинарда “Ягона дарча” марказлари фаолиятига оид веб-сайт яратиш, марказлар ходимларининг тизимли равишда малакасини ошириш, уларнинг фаолият самарадорлигини кучайтириш билан боғлиқ масалалар муҳокама қилинди.

УзА ахборот хизмати

Возврат к списку


загрузка карты...