01.11.2016

Пойтахтимизда X Халқаро саноат ярмаркаси ва Кооперация биржаси давом этмоқда

Биринчи Президентимиз Ислом Каримовнинг 2007 йил 12 ноябрдаги «Ички тармоқ ва тармоқлараро саноат кооперациясини янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони, 2013 йил 29 январдаги «Мамлакатимизда ишлаб чиқарилган маҳсулотларнинг рақобатдошлилигини янада ошириш ва товарларни республикага ноқонуний олиб киришга қарши курашни кучайтириш тўғрисида»ги қарори ва Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 3 мартдаги «2016 йилда Халқаро саноат ярмаркаси ва Кооперация биржасини ташкил этиш ва ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига асосан ташкил этилган ушбу тадбир корхона, ташкилот ва муассасалар, тадбиркорлик субъектлари ўртасида ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва ишлаб чиқаришни кенгайтиришда муҳим омил бўлаётир.

Халқаро саноат ярмаркаси ва Кооперация биржасида мамлакатимизнинг барча тармоқлари ва етакчи корхоналари иштирок этмоқда.

– Мамлакатимиздаги етакчи саноат корхоналари, якка тартибдаги тадбиркорлар билан маҳсулот етказиб бериш бўйича 130 дан ортиқ шартнома имзоладик, – дейди «Ўзметкомбинат» акциядорлик жамияти савдо-сотиқ бўлими менежери Анвар Маматқулов. – Шунингдек, ўзимизга керакли маҳсулотларни харид қилиш юзасидан ҳам 300 миллиард сўмликдан ортиқ келишувларга эришдик. Ушбу тадбир ҳамкорлар ва харидорларни излаб топиш, керакли хомашё ва товарлар бозорини ўрганиш, Маҳаллийлаштириш дастурида белгиланган вазифаларни бажаришда қўл келмоқда. Бунинг натижасида ишлаб чиқариш ривожланмоқда, хилма-хил, янги замонавий маҳсулотларни ўзлаштириш, бозорларимизни сифатли моллар билан тўлдиришга эришилмоқда.

Халқаро саноат ярмаркаси ва Кооперация биржасида «Ўзфармсаноат» давлат акциядорлик концерни тизимидаги корхоналар ҳам фаол иштирок этаётир. Ҳозирги кунда концерн тизимида 54 ишлаб чиқариш корхонаси ва 3 илмий-тадқиқот муассасаси фаолият кўрсатмоқда. Ушбу корхоналарда жорий йилнинг биринчи ярмида 528 миллиард сўмликдан ортиқ дори воситалари, тиббиёт буюмлари, ёрдамчи материаллар ва бошқа маҳсулотлар ишлаб чиқарилди.

Инвестиция лойиҳалари доирасида янги дорилар ишлаб чиқаришни ўзлаштириш, ишлаб чиқариш жараёнини замонавийлаштириш бўйича изчил ишлар олиб борилмоқда. Халқаро саноат ярмаркасида фармацевтика корхоналарининг ушбу салоҳияти кенг намойиш этилиши баробарида, ички бозордан хомашё сотиб олиш бўйича 66 миллиард сўмликдан ортиқ 44 шартнома имзоланди. Хусусан, шиша идишлар ясашда фойдаланиладиган кальцийлаштирилган сода ва субстанциялар харид қилиш, полиграфия корхоналари билан дори-дармонни қадоқлаш учун қоғоз қутилар ва уларга ёрлиқлар тайёрлаш бўйича келишувларга эришилди.

Мамлакатимиз фармацевтика корхоналарида ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар халқаро сифат стандартлари билан кафолатланган. Улар сифати ва самарадорлиги жиҳатидан хорижникидан қолишмайди, нархи анча арзон. Ушбу шифо воситаларига хорижда ҳам эҳтиёж юқори. Тадбирда бир қатор хорижий давлатлар билан дори-дармон етказиб бериш бўйича 24 шартнома имзолангани бунинг исботидир.

Мазкур тадбир барча тармоқ ва соҳалар вакиллари, корхона ва ташкилотлар учун ана шундай фойдали келишувларга эришиш, ҳамкорлик истиқболларини белгилашда катта имконият яратмоқда. Унда нафақат йирик, балки кичик корхоналар, хусусий тадбиркорлар ҳам ўз маҳсулотини истеъмолчиларга кенг тарғиб этиш, савдо-сотиқ алоқаларини ривожлантириш бўйича ҳамкорлар излаб топишга эришмоқда. Пойтахтимизнинг Олмазор туманида фаолият юритаётган «Бекшод инвест сервис» кичик корхонаси фаолияти бунга мисолдир.

– Қурилиш соҳасида қўлланиладиган юк кўтаргичларнинг бир неча турини ишлаб чиқарамиз, – дейди корхона директори Эркин Шодиев. – Халқаро саноат ярмаркаси ва Кооперация биржаси фаолиятимизни кенгайтириш учун қулай имконият яратмоқда. Тадбир доирасида қарийб 100 миллион сўмлик 10 дан ортиқ шартнома имзоладик. Бу шартномаларни ўз вақтида бажариш учун шароитимиз етарли. Малакали мутахассислар ишлайдиган кичик корхонамиз замонавий технологиялар билан жиҳозланган. Жорий йилнинг ўтган даврида 700 миллион сўмликдан ортиқ маҳсулот ишлаб чиқардик ва сотдик. Келгусида фаолиятимизни янада кенгайтириш, импорт ўрнини босадиган янги маҳсулотлар ишлаб чиқаришни ўзлаштиришни режалаштирганмиз.

Халқаро саноат ярмаркасининг енгил саноат маҳсулотлари бўлими стендларида корхона ва ташкилотлар, тадбиркорларнинг маҳсулотлари кенг намойиш этилаётгани, тўғридан-тўғри савдо-сотиқ амалга оширилаётгани баробарида, маҳсулот ишлаб чиқариш ва етказиб бериш бўйича шартномалар ҳам имзоланмоқда.

– Оилавий корхонамиз ташкил этилганига ўн йилдан ошди, – дейди пойтахтимизнинг Чилонзор туманидаги «Даромад Мунира Файз текстил» масъулияти чекланган жамияти савдо менежери Нурислом Байтуллаев. – Турли соҳа ходимлари учун ўнга яқин турдаги иш кийимлари ишлаб чиқармоқдамиз. Мамлакатимиздаги етакчи корхона ва ташкилотлар билан маҳсулот етказиб бериш бўйича ҳамкорлигимиз ривожланмоқда. Ушбу ярмарка ҳам фойдали келишувларга бой бўлди. Ҳозиргача 50 миллион сўмликдан ортиқ шартномалар имзоладик. Тадбиркорларга ўз салоҳиятини намойиш этиш учун ана шундай қулай имкониятлар яратилаётганидан хурсандмиз.

УзА ахборот агентлиги

Возврат к списку


загрузка карты...