30.11.2016

Ахборот портали – тезкор харидларни таъминламоқда

«Ўзбекистон Республика товар-хомашё биржаси» акциядорлик жамиятининг давлат харидлари бўйича махсус ахборот портали товарлар (ишлар, хизматлар)нинг давлат ва корпоратив харидлари бўйича ахборот базасини яратиш, сақлаб туриш ва мунтазам янгилаб боришни ўз ичига олади.

Портал давлат ва корпоратив харидлар жараёнлари юзасидан зарур даражадаги давлат ва жамоатчилик назорати, ушбу соҳанинг қонун ҳужжатларига риоя қилишини таъминлаш, давлат ва корпоратив буюртмани жойлаштиришда очиқлик, ошкоралик ва рақобатдошлик тамойилларини, шунингдек, буюртмачилар ёки етказиб берувчиларнинг (уларнинг агентларининг) тенг ҳуқуқлилигини таъминлаш, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, бошқа ваколатли органлар, буюртмачилар ва етказиб берувчилар, оммавий ахборот воситалари ва жамоатчиликни товар бозорлари конъюнктураси тўғрисидаги ахборот билан таъминлаб туради.

Порталда бюджет ташкилотлари томонидан амалга ошириладиган бўлажак давлат харидлари тўғрисидаги эълон мажбурий тартибда жойлаштирилади. Порталга кириш ва харидлар бўйича маълумотларни кўздан кечириш бепул ҳамда авторизация қилишни талаб этмайди. Ушбу ахборот порталида иқтисодиёт тармоқларига бўлинган ҳолда ўтказиладиган тендерлар тўғрисидаги батафсил ахборотни ҳамда 300 доллардан 100 минг долларгача бўлган харидлар тўғрисидаги эълонларни топиш мумкин.

Манфаатдор етказиб берувчилар минтақалар ва товарлар бўйича харид тўғрисидаги зарур эълонларни қийинчиликсиз топади. Бунда ҳар бир эълонга батафсил маълумот берилади. Масалан, буюртмачининг номи ва манзили, харид қилинадиган товарлар (ишлар, хизматлар)нинг ўзига хослиги, бошланғич нарх, етказиб бериш ҳажми ва муддатлари, буюртманомаларни қабул қилишнинг охирги муддати каби маълумотлар мавжуд бўлади.

Буюртмачилар (уларнинг агентлари) порталда мажбурий тартибда давлат ва корпоратив харидларнинг режа-жадвали, давлат ёки корпоратив харидларни амалга ошириш ҳақидаги эълон, порталдан ташқарида амалга оширилган давлат ва корпоратив харидлар якунлари ҳақидаги ахборотни жойлаштиради.

Порталда ахборотни жойлаштириш ва ошкор қилиш жараёни қатнашчилари мижозлар томонидан порталда жойлаштириладиган файлларга нисбатан технологик талабларни, ахборот хавфсизлигини таъминлаш бўйича талабларни белгилайди, мижозларнинг ишончли бўлмаган ахборот ва сохта маълумотларни тарқатиш, рақобатни чеклайдиган ёки ноҳалол рақобат олиб боришга қаратилган ахборотни жойлаштириш бўйича ҳаракатларига чек қўяди.

Махсус ахборот портали ва электрон савдоларнинг жорий этилиши билан кичик бизнесда барча бўлажак давлат харидлари тўғрисида тўлақонли ахборот манбаи ва фаол иштирок этиш учун майдонча пайдо бўлди. Бу давлат контрактини ютиб чиқишда уларнинг имкониятларини янада оширади. Кичик бизнес давлат харидлари бозорининг тўлақонли иштирокчисига айланмоқда. Бу унинг янада ривожланишига, янги иш ўринлари ташкил этилишига кўмаклашади.

Махсус ахборот порталининг фаолият кўрсатиши ва ўтказилаётган электрон савдолар давлат харидларининг очиқ-ошкоралиги ошишига, бюджет маблағлари тежалиши ва кичик бизнес салоҳияти кенгайишига хизмат қилмоқда.

УзА ахборот хизмати

Возврат к списку


загрузка карты...