07.12.2016

Истеъмолчилар ҳуқуқлари ишончли ҳимояда

Бу ҳақда Миллий матбуот марказида Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси томонидан 2016 йилнинг 9 ойи давомида амалга оширилган ишлар якунларига бағишлаб ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилинди.

Қайд этилганидек, ариза ва шикоятларнинг асосий қисми табиий газ (29,5 фоиз) ва электр энергияси (14,9 фоиз) таъминоти, савдо-сотиқ (22,4 фоиз) соҳаларига тааллуқлидир. Шунингдек, ичимлик суви таъминоти, коммунал хизмат кўрсатиш, транспорт, соғлиқни сақлаш сингари масалалар бўйича ҳам мурожаатлар кўпчиликни ташкил этган.

Беш мингга яқин мурожаат ёзма тартибда билдирилган бўлса, 2 минг 500 дан ортиғи оғзаки, "Ишонч телефони" ва электрон шаклда келиб тушган.

Федерациянинг виртуал қабулхонаси иш бошлагани, шунингдек, www.istemol.uz сайти ҳамда "1091" ягона "Ишонч телефони" орқали ариза, таклиф ва шикоятлар қабул қилинаётгани истеъмолчилар ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилишда муҳим омил бўлмоқда.

Истеъмолчиларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш баробарида Федерация томонидан тегишли вазирлик ва назорат қилувчи органлар билан бирга аҳолининг ҳуқуқий маданиятини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Қонунлар тарғиботи, истеъмолчилар, фуқаролар мурожаатлари, йўл ҳаракати хавфсизлиги, пластик карточкалар ва нақд пулсиз ҳисоб-китоб сингари мавзуларда ўқув семинарлари, давра суҳбатлари ўтказилаётир. Масъул ташкилотлар билан ҳамкорликда нашр этилган "Электр энергияси таъминотида истеъмолчи ҳамда таъминотчининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари", "Темир йўл транспортидан фойдаланишда истеъмолчиларнинг асосий ҳуқуқлари" тарғибот плакатлари маърифий тадбирлар таъсирчанлигини оширишга хизмат қилмоқда.

Матбуот анжуманида Федерация томонидан аҳоли ўртасида савдо ва хизмат кўрсатиш корхоналари томонидан аҳолига банк пластик карточкалари орқали савдо қилиш, умумий овқатланиш корхоналари, шунингдек, маданият ва истироҳат боғлари томонидан истеъмолчиларга кўрсатилаётган хизматлар бўйича сўровлар ўтказилгани маълум қилинди. Сўровномада мамлакатимизнинг турли ҳудудларидан 40 мингга яқин респондент иштирок этган. Аниқланган муаммо ва камчиликларни бартараф этиш мақсадида маълумотлар Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси, Вазирлар Маҳкамаси, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Давлат солиқ қўмитаси, Марказий банк ва бошқа идораларга тақдим этилган.

УзА ахборот хизмати

Возврат к списку


загрузка карты...