22.09.2016

Депутатлар давлат бюджетининг ижросини кўриб чиқдилар

Мажлисда тегишли вазирликлар ва идораларнинг раҳбарлари, соҳа экспертлари, оммавий ахборот воситаларининг вакиллари иштирок этдилар.

Кун тартибидаги масала юзасидан Ўзбекистон Республикаси молия вазирининг ўринбосари М.Мирзаев маъруза қилди.

Таъкидланганидек, иқтисодиётни диверсификация қилиш ва таркибий ўзгартириш, ишлаб чиқаришга энг замонавий, илғор технологияларни жорий этиш орқали уни модернизациялаш жаҳон майдонида миллий иқтисодиётни рақобатбардошлигини оширишга хизмат қилмоқда. Хусусан, ҳисобот даврида мамлакат ялпи ички маҳсулотининг (ЯИМ) ўсиши 7,8 фоизни ташкил этиб, саноат маҳсулоти ишлаб чиқариш ҳажми ҳам 6,7 фоизга ошди.

Ишлаб чиқаришни модернизация қилиш, техник ва технологик янгилаш, транспорт ва коммуникация инфратузилмасини ривожлантиришга қаратилган фаол инвестиция сиёсатининг амалга оширилиши ўзлаштирилган капитал қўйилмалар ҳажмини 11,8 фоизга ва пудрат-қурилиш ишлари ҳажмини 17,5 фоизга ошириш имконини берди.

Юқори иқтисодий ўсиш суръатларига ташқи савдо айланмасининг ижобий сальдоси, давлат бюджетининг ялпи ички маҳсулотга нисбатан 0,1 фоиз профицити ва инфляция даражасининг пастлигини ифода этган макроиқтисодий мутаносибликни сақлаш орқали эришилган.

Жорий йилнинг ўтган даврида Давлат бюджети харажатларининг ижтимоий йўналтирилганлиги таъминланиб, улар мамлакатимиз аҳолисининг турмуш даражаси ва сифатини оширишга хизмат қилди. “Соғлом она ва бола йили” Давлат дастури ижроси масалалари диққат марказида бўлди. Қишлоқ жойларида намунавий лойиҳалар бўйича зарур муҳандислик-коммуникация ва ижтимоий инфратузилмага эга бўлган 13 мингта якка тартибдаги уй-жой қуришни ташкил этиш борасида чора-тадбирлар кўрилмоқда. Айни пайтда 5,1 мингдан зиёд уйлар қуриб битказилди.

Муҳокамалар давомида депутатларнинг Давлат бюджети ижроси билан боғлиқ масалалар юзасидан берган саволларига ҳукумат вакиллари атрофлича жавоб бердилар.

Шундан сўнг, Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитаси раиси А.Шодмоновнинг қўшимча маърузаси эшитилди.

Қайд этилдики, ҳисобот даврида жорий йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим вазифа ва устувор йўналишлари изчил амалга оширилиши иқтисодий кўрсаткичларнинг юқори ўсиш суръатларини сақлаш ва макроиқтисодий барқарорликни таъминлаш имконини берган. Давлат бюджети мамлакатимиз парламенти томонидан тасдиқланган параметрларга мувофиқ ижро этилган.

Мамлакатимиз Давлат бюджетининг 2016 йилнинг биринчи ярим йиллигидаги ижросини ҳар томонлама муҳокама қилиш чоғида сиёсий партиялар фракциялари ва Ўзбекистон Экологик ҳаракати депутатлар гуруҳи вакиллари нуқтаи назарлари ва фикрларини баён қилиб, бюджет маблағларидан самарали ва мақсадли фойдаланиш, бюджет ташкилотларида молиявий интизомга амал қилиш, давлат органларининг мамлакатимиз Бюджет кодексига риоя қилиш бўйича масъулиятини ошириш юзасидан тавсияларини берди.

УзА

Возврат к списку


загрузка карты...