03.05.2016

Электрон савдо майдончаси тақдим этилди

Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида экспортни ривожлантириш, экспортчи корхоналарни қўллаб-қувватлаш, фермер хўжаликлари, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг экспорт имкониятларини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Экспортчи корхоналар фаолиятини рағбатлантириш мақсадида имтиёзлар тизими тобора такомиллаштирилмоқда, ташқи савдо тартиб-таомиллари соддалаштирилиб, операциялар нархи пасайтирилмоқда. Замонавий ахборот технологияларининг ҳаётга кенг татбиқ этилиши ишлаб чиқарувчиларнинг дунё бозорига кириб боришида янги имкониятлар яратмоқда. Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги томонидан БМТ Тараққиёт дастурининг «Савдони ривожлантиришга кўмаклашиш» лойиҳаси билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган «UzTrade» (www.tradeuzbekistan.com) электрон ташқи савдо майдончаси ана шу имкониятдан унумли фойдаланишга қаратилган. Рус, инглиз ва хитой тилларида фаолият кўрсатаётган, осон ва қулай интерфейсга эга «UzTrade» электрон бозоридан мамлакатимиздаги барча тадбиркорлик субъекти фойдаланиши мумкин. Бунда корхона ишлаб чиқарилаётган маҳсулоти ҳамда ташкилот ҳақидаги тегишли маълумотларни мазкур интернет ресурсга жойлаштириш орқали дунёнинг исталган мамлакатида танишиш мумкин бўлган онлайн савдо уйига эга бўлади. Электрон савдо майдончасида тадбиркорлик субъектлари харидор билан онлайн музокаралар олиб бориши ҳамда шартнома шартларини муҳокама қилиши мумкин. Бу ерда, шунингдек, муҳокамалар якуни бўйича экспорт шартномасини шакллантириш имконияти ҳам яратилган. Интернет ресурсда Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги ҳамда «Ўзтадбиркорэкспорт» АЖ мутахассислари томонидан экспортчиларни ахборот ва маркетинг қўллаб-қувватлаш йўлга қўйилгани экспорт амалиётлари билан боғлиқ масалаларнинг тез ва аниқ ҳал этилишини таъминлайди. Бундан ташқари, «Фойдали маълумотлар» бўлимида норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, таҳлилий материаллар ҳамда бозор тенденциялари билан танишиш мумкин. – Бугунги кунда савдо майдончасида мингдан зиёд корхона ўз маҳсулотларини таклиф этмоқда, – дейди «Ўзтадбиркорэкспорт» АЖ маркетинг бошқармаси бошлиғи ўринбосари Ш.Хўжаев. – Улар орасида «JV MAN Auto-Uzbekistan», Cамарқанд автомобиль заводи сингари йирик саноат корхоналаридан тортиб канцелярия маҳсулотлари ишлаб чиқарувчиларгача борлиги хорижлик харидорларга «Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган» ёрлиғидаги маҳсулотларни харид қилиш, мамлакатимиз иқтисодий салоҳияти билан яқиндан танишиш имконини беради. Тадбирда электрон савдо майдончасининг имкониятларини ошириш мақсадида ҳозирги вақтда «Google», «Яндекс» сингари халқаро қидирув тизимларига интеграциялашувини кенгайтириш устида иш олиб борилаётгани маълум қилинди. Иштирокчилар саволларига мутахассислар жавоб қайтарди. 


 Пресс-служба АК. Ўзбекистон миллий ахборот агентлиги маълумотларидан фойдаланилган

Возврат к списку


загрузка карты...