15.05.2016

Саноатни ривожлантиришнинг самарадор усули

Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Тошкент давлат иқтисодиёт университети ҳамда Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон либерал-демократик партияси ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда депутатлар, вазирлик ва идоралар вакиллари, олимлар, тадқиқотчилар, талабалар иштирок этди. Президентимиз раҳнамолигида ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштиришга қаратилган кенг кўламли чора-тадбирлар хомашёни қайта ишлашни чуқурлаштириш, сифатли маҳсулотлар ишлаб чиқаришда ички имконият ва захиралардан фойдаланишни янада кенгaйтиришга хизмат қилмоқда. 2000 йилдан бери ҳаётга татбиқ этиб келинаётган маҳаллийлаштириш дастурлари самарасида мамлакатимизда импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ҳажми 220 баробардан ошган. 2015-2019 йилларда тайёр маҳсулотлар, бутловчи қисмлар ва материаллар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш дастури доирасида жорий йилнинг биринчи чорагида 534 лойиҳа амалга оширилиб, қиймати 981,3 миллиард сўмлик ёки 2015 йилнинг шу даврига нисбатан 1,5 баробар кўп маҳсулот ишлаб чиқарилган. 2015 йилда ўтказилган Халқаро саноат ярмаркаси ва кооперация биржаси якунига кўра, жорий йилда аввал импорт қилинган 2,1 триллион сўмлик товарларни ишлаб чиқаришни ўзлаштириш ва етказиб бериш бўйича шартномалар тузилган. Бу 2016 йилда иқтисодиётнинг етакчи тармоқларида импорт ҳажми 637,5 миллион долларга қисқаришини таъминлайди. Маҳаллийлаштириш дастурлари экспорт ҳажмини ошириш ва маҳсулот етказиб бериш географиясини кенгайтириш, бунда юқори қийматга эга тайёр маҳсулотлар улушининг ортишида муҳим аҳамият касб этмоқда. Хусусан, 2015 йилда кир ювиш машиналари, энергия тежовчи лампалар, косметика воситалари сингари 52 турдаги янги маҳсулот экспорт қилинган. Анжуманда ишлаб чиқарувчилар учун жорий этилган солиқ ва божхона имтиёзлари экспортбоп маҳсулотлар турларини кўпайтиришда муҳим омил бўлаётгани таъкидланди. Ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш асосида импортни қисқартириш ва экспортни кенгайтиришга бағишланган маърузалар тингланди.


 Пресс-служба АК. Ўзбекистон миллий ахборот агентлиги маълумотларидан фойдаланилган

Возврат к списку


загрузка карты...