30.05.2016

Давлат активлари хорижлик инвесторларга таклиф этилмоқда

Президентимизнинг 2015 йил 28 апрелдаги «Иқтисодиётда хусусий мулкнинг улуши ва аҳамиятини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ва 2015 йил 21 декабрдаги «Акциядорлик жамиятларига хорижий инвесторларни жалб қилиш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорлари мазкур йўналишдаги ишлар кўламини янада кенгайтиришда дастуриламал бўлмоқда. Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитасида Европа Иттифоқи делегацияси вакиллари ва Европа Иттифоқига аъзо мамлакатлар ваколатхоналари савдо маслаҳатчилари билан ўтказилган учрашувда шулар ҳақида сўз юритилди. Анжуманда мамлакатимиздаги хусусийлаштириш жараёнида ишлаб чиқариш объектларига тадбиркорларни кенг жалб қилиш, давлат активларини инвесторларга сотиш юзасидан амалга оширилаётган ишлар хусусида маълумот берилди. Хорижий инвесторларга таклиф қилинаётган давлат активлари, солиқ ва божхона имтиёзлари тўғрисида тақдимот ҳавола этилди. Давлатимиз раҳбарининг 2015 йил 28 апрелдаги «Иқтисодиётда хусусий мулкчиликнинг улуши ва аҳамиятини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига мувофиқ 68 корхонадаги давлат улуши чет эллик стратегик инвесторларга сотиш учун савдога қўйилган. Хусусан, «Навоийазот», «Фарғонаазот», «Урганч экскаватор», «Қизилқумцемент», «Жиззах аккумулятор заводи» акциядорлик жамиятлари, «Асакабанк», «Агробанк», «Туронбанк» ва бошқа муваффақиятли фаолият юритаётган муассасалардаги давлатга тегишли акциялар хорижий сармоядорларга таклиф қилинмоқда. Тадбирда хорижий инвесторларни хусусийлаштириш жараёнларига жалб қилиш, давлат активларини сотиб оладиган хорижий инвесторларга бериладиган имтиёзлар ва кафолатлар ҳақида гапирилди. Қўмитанинг масъул ходимлари иштирокчиларни қизиқтирган саволларга жавоб қайтарди.


 Пресс-служба АК. Ўзбекистон миллий ахборот агентлиги маълумотларидан фойдаланилган

Возврат к списку


загрузка карты...