20.02.2016

Корпоратив бошқарув соҳасидаги халқаро ҳамкорлик

Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги, Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси ва Корпоратив бошқарув илмий-таълим маркази ҳамкорлигида ташкил этилган анжуманда вазирлик ва идоралар, акциядорлик компаниялари, корхоналар, хорижий дипломатик корпус ва халқаро ташкилотлар ваколатхоналари раҳбар ва вакиллари иштирок этди.

Ўзбекистон Республикаси иқтисодиёт вазири Г.Саидова, Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси Д.Ҳидоятов, Жаҳон банкининг мамлакатимиздаги ваколатхонаси раҳбари вазифасини вақтинчалик бажарувчи Н.Колибашкина ва бошқалар Президент Ислом Каримов раҳнамолигида хусусий секторни изчил ривожлантириш, хорижий инвестицияларни кенг жалб этиш, акциядорлик жамиятлари фаолияти самарадорлигини ошириш борасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилаётганини таъкидлади.

Мамлакатимизда акциядорлик жамиятларига хорижий сармоядорларни жалб қилиш, уларнинг корпоратив бошқарув тизими, ишлаб чиқаришни модернизация қилиш, техник ва технологик қайта жиҳозлаш, рақобатбардош маҳсулотлар тайёрлаш ва ташқи бозорга чиқариш жараёнларида фаол иштирок этиши учун қулай шароит яратиш, акциядорлик жамиятлари устав капиталидаги давлат активлари ва улушларини қисқартириш орқали давлатнинг иқтисодиётдаги иштирокини камайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг 2015 йил 24 апрелдаги “Акциядорлик жамиятларида замонавий корпоратив бошқарув услубларини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони бу борадаги ишларни юқори босқичга олиб чиқишда муҳим омил бўлмоқда.

Ўзбекистонда корпоратив бошқарув усулларини жорий этишда ривожланган давлатлар, хусусан, Германия тажрибаси ўрганилмоқда. Етакчи хорижий компаниялар, мутахассислар ҳамда экспертлар иштирокида корпоратив бошқарувнинг ташкилий шакллари ва замонавий услубларини жорий қилишни методик таъминлаш, акциядорлик жамиятлари бошқарув ходимларини халқаро стандартлар даражасида тайёрлаш ҳамда уларнинг малакасини ошириш бўйича муайян ишлар амалга оширилаётир. Германиянинг етакчи компаниялари ташаббуси билан асос солинган Европа менежмент ва технологиялар мактаби билан ҳамкорлик бу борада муҳим роль ўйнамоқда.

2015 йили мазкур мактаб билан фаол ҳамкорлик самарасида ташкил этилган Корпоратив бошқарув илмий-таълим маркази тингловчилари хўжалик бошқаруви органлари, акциядорлик жамиятлари ва тадбиркорлик субъектлари, хорижий компания ва таълим муассасаларига стажировкага юборилмоқда. Ўтган даврда Германия ва бошқа давлатлардаги етакчи таълим муассасаларининг профессор-ўқитувчиларини жалб этган ҳолда мамлакатимиз акциядорлик жамиятлари, банклар ва йирик корхоналарнинг 160 нафардан ортиқ раҳбар ходими корпоратив бошқарув соҳасида малака оширди.

Корпоратив бошқарувни ривожлантириш давлат мулкини акциядорлик жамиятларига айлантириш орқали хусусийлаштириш билан ҳам боғлиқ. Бундай ишлар натижасида юртимизда мингдан зиёд акциядорлик жамияти ташкил этилган. Бир миллиондан ортиқ фуқаро уларнинг акцияларига эга. Мамлакатимиз ялпи ички маҳсулоти ўсишига муносиб ҳисса қўшаётган йирик корхоналар акциядорлик жамияти шаклида фаолият юритаётгани корпоратив бошқарув соҳасини ривожлантириш улкан аҳамият касб этишидан далолатдир.

– Президент Ислом Каримов ташаббуси билан корпоратив бошқарув соҳасида қабул қилинган меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар жаҳон тажрибасини инобатга олган ҳолда ишлаб чиқилгани эътиборга молик, – деди Европа менежмент ва технологиялар мактабининг минтақавий дастур директори Франциско Франк. – Бу сармоядорларни жалб қилишнинг муҳим омилларидандир. Мен Ўзбекистондаги кўплаб компаниялар раҳбар ва мутахассислари билан мулоқотда бўлганман. Уларнинг бошқарувчилик маҳорати ва билими юқори экани менда катта таассурот қолдирган. Бу каби анжуманлар корпоратив бошқарув соҳасида ўзаро тажриба алмашишга, ҳамкорликни янада ривожлантиришга, қўшма бизнес лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва амалга оширишга хизмат қилади.

Корпоратив бошқарув тизимини жорий қилиш корпоратив бошқарув кодекси амалиёти билан бевосита боғлиқ. Жаҳонда юздан зиёд шундай ҳужжат ишлаб чиқилиб, ҳаётга татбиқ этилган. Ўзбекистон Республикасининг Корпоратив бошқарув кодексини ишлаб чиқиш жараёнида кўплаб мамлакатларнинг Корпоратив бошқарув кодекслари ва тажрибаси ўрганилди.

Корпоратив бошқарув кодекси барча акциядорлик жамиятлари учун тавсиялар жамланмасидан ташкил топган. У фаолият очиқлигининг халқаро стандартларини жорий қилиш, директорлик корпуси масъулиятини ошириш, корхоналарни бошқаришда акциядорлар, жумладан, миноритар акциядорлар ролини кучайтириш, корпоратив бошқарув соҳасидаги низоларни ҳал қилиш, тизимда юқори самарадорликка эришиш имконини беради.

Конференция иштирокчилари мамлакатимизда корпоратив бошқарув тизимидаги тамойил ва ёндашувларни тубдан ўзгартириш, ишлаб чиқариш, ташқи иқтисодий алоқалар ва инвестиция жараёнларига корпоратив менежментнинг замонавий стандартларини жорий этиш борасида юксак самарали ишлар амалга оширилаётганини таъкидлади.

Хорижий ҳамкорлар билан корпоратив бошқарувни такомиллаштириш борасида амалга оширилаётган ишлар, Корпоратив бошқарув кодексининг асосий йўналишлари ва қоидалари, бу борада Германия тажрибаси, корпоратив бошқарув кодексларини ишлаб чиқиш ва жорий этишда халқаро тажриба, мамлакатимиз ва хорижий мамлакатларда корпоратив бошқарувни такомиллаштиришнинг замонавий тенденцияларига оид мавзуларда маърузалар тингланди.

Тадбир доирасида Ўзбекистон акциядорлик жамиятлари учун Корпоратив бошқарув кодексининг асосий қоидаларига бағишланган амалий семинар ўтказилди. Очиқ мулоқот тарзида ўтган мазкур тадбирда акциядорлар ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилиш, корпоратив бошқарув тизимини такомиллаштириш бўйича қабул қилинган меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар ижроси, соҳадаги долзарб масалалар муҳокама қилинди.

УзА

Возврат к списку


загрузка карты...