10.03.2016

Корпоратив бошқарув кодекси ўрганилмоқда

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Бюжет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитаси билан ҳамкорликда ташкил этилган тадбирда депутатлар, Адлия вазирлиги, Қимматли қоғозлар бозорини мувофиқлаштириш ва ривожлантириш маркази, Ўзбекистон Фермерлари кенгаши, акциядорлик компаниялари вакиллари, иқтисодчилар иштирок этди.

Давлатимиз раҳбарининг 2015 йил 24 апрелдаги “Акциядорлик жамиятларида замонавий корпоратив бошқарув услубларини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни кенг жалб этиш, акциядорлик жамиятлари фаолиятининг самарадорлигини тубдан ошириш, бўлажак инвесторлар учун уларнинг очиқлиги ва жозибадорлигини таъминлаш, замонавий корпоратив бошқарув услубларини жорий қилиш, корхоналарни стратегик бошқаришда акциядорлар ролини кучайтириш учун қулай шароитлар яратгани таъкидланди.

2015 йилда мамлакатимиздаги барча акциядорлик жамиятларининг фаолияти тўлиқ инвентаризациядан ўтказилди. Корхоналарни корпоратив бошқариш бўйича илғор халқаро тажрибани ўрганиш асосида акциядорлик жамиятларининг янги намунавий тузилмаси, лавозим ва касбларнинг янги классификатори ишлаб чиқилди ва тасдиқланди. Шу асосда акциядорлик жамиятлари раҳбар кадрлари аттестациядан ўтказилди.

Бу борадаги ишларни янада такомиллаштириш мақсадида мамлакатимизда Корпоратив бошқарув кодекси қабул қилинди. Миллий қонунчилигимиз ва корпоратив бошқарувнинг халқаро тамойиллари асосида ишлаб чиқилган ушбу кодексда акциядорлик жамиятлари фаолияти очиқлигини таъминлаш, самарали ички назорат механизмларини жорий қилиш, узоқ муддатли ривожланиш стратегияси ва вазифаларни белгилаш, ижроия органининг акциядорлар ва инвесторлар билан ўзаро самарали ҳамкорлигини йўлга қўйиш, аудит ва молиявий ҳисоботларни халқаро стандартларга мувофиқ эълон қилиш каби йўналишлар бўйича тавсиялар белгиланган.

Мутахассислар акциядорлик жамиятларида замонавий корпоратив бошқарув услубларининг жорий этилиши уларнинг хорижий инвесторлар учун жозибадорлигини янада оширишини қайд этди.

Давра суҳбатида Корпоратив бошқарув кодексининг мазмун-моҳияти, корпоратив бошқарув соҳасидаги қонунчиликни такомиллаштириш, акциядорлар, биринчи навбатда, миноритар акция эгаларининг ҳуқуқларини кафолатли таъминлаш, ушбу соҳадаги қонунчиликни ва унинг ижросини таъминловчи механизмларни мустаҳкамлаш масалалари ҳақида сўз юритилди.

УзА

Возврат к списку


загрузка карты...