25.03.2016

Мамлакатимиз саноатини ривожлантиришнинг муҳим омили

Президентимиз Ислом Каримов Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йилда мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2016 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган кенгайтирилган мажлисида ўтган йили мамлакатимизни янгилаш ва ислоҳ этиш, иқтисодиётимизнинг барқарор ўсиш суръатларини ва унинг макроиқтисодий мутаносиблигини таъминлаш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилганини таъкидлади. Бунинг самарасида жаҳон молиявий-иқтисодий инқирози давом этаётганига қарамасдан, ўтган йили ялпи ички маҳсулот 8 фоиз, саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 8 фоиз, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари қарийб 7 фоиз, қурилиш-монтаж ишлари салкам 18 фоиз ўсди. Давлатимиз раҳбари 2016 йилда биз учун асосий вазифа – ишлаб чиқаришни техник ва технологик жиҳатдан узлуксиз янгилаб бориш, доимий равишда ички имконият ва захираларни излаб топиш, иқтисодиётда чуқур таркибий ўзгаришларни амалга ошириш, саноатни модернизация ва диверсификация қилишни давом эттиришдан иборат бўлишини алоҳида таъкидлади. Ишлаб чиқаришни оптималлаштириш, ички тармоқ ва тармоқлараро кооперацияни ривожлантириш ва мустаҳкамлаш, мамлакатимизда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларни кенг тарғиб қилиш, маҳсулотни етказиб бериш, жумладан, хорижлик ҳамкорлар топиш ва улар билан шартнома имзолашда хўжалик юритиш субъектларига кўмаклашишга қаратилган анъанавий Халқаро саноат ярмаркаси ва Кооперация биржаси шу ва бошқа вазифаларнинг ҳал этилишига хизмат қилади. Мамлакатимиздаги ушбу йирик саноат форуми Президентимиз Ислом Каримовнинг 2007 йил 12 ноябрдаги «Ички тармоқ ва тармоқлараро саноат кооперациясини янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони, 2009 йил 1 декабрдаги «Саноат кооперацияси асосида тайёр маҳсулотлар, бутловчи буюмлар ва материаллар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштиришни чуқурлаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ва 2013 йил 29 январдаги «Мамлакатимизда ишлаб чиқарилган маҳсулотларнинг рақобатдошлилигини янада ошириш ва товарларни республикага ноқонуний олиб киришга қарши курашни кучайтириш тўғрисида»ги қарорларига мувофиқ ўтказилмоқда. Мамлакатимизда амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотлар самараларини акс эттирувчи ушбу тадбирнинг нуфузи йил сайин ортиб бормоқда. Ҳудудий ва тармоқ саноат ярмаркаларининг таркиби сифат ва сон жиҳатидан кенгайиб, имзоланган шартномалар, хусусан, экспорт битимлари салмоғи йилдан-йилга ортмоқда. Ўтган йилги ҳудудий саноат ярмаркаларида 377,5 миллиард сўмлик шартномалар имзоланди. Бу 2014 йилги кўрсаткичдан 24,5 фоиз кўпдир. Экспорт шартномалари қиймати 180,8 миллион долларни ташкил қилди ва бу олдинги йилга нисбатан 8,4 фоиз кўп. Тармоқ саноат ярмаркаларида умумий қиймати 617,9 миллиард сўмлик шартномалар имзоланди. Бу 2014 йилга қараганда 5,2 фоиз кўп демак. 2015-2019 йиллар учун тайёр маҳсулотлар, бутловчи буюмлар ва материаллар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш дастури ҳамда 2015-2019 йилларда ишлаб чиқаришни таркибий ўзгартириш, модернизация ва диверсификация қилишни таъминлаш чора-тадбирлари дастури жорий йилги ҳудудий саноат ярмаркалари ва Х Халқаро саноат ярмаркаси ва Кооперация биржасининг аҳамиятини янада оширади. Жорий йилда мамлакатимизнинг барча ҳудудларида ташкил этиладиган ҳудудий саноат ярмаркалари март ойининг иккинчи ярмидан бошланиб, июнь ойига қадар давом этади. Тармоқ саноат ярмаркалари ҳам шу кунларда бошланади ва июнь ойининг ўрталарида якунланади. Х Халқаро саноат ярмаркаси ва Кооперация биржаси 2016 йилнинг октябрь ойи охирида ўз ишини бошлайди. Биринчи босқич доирасида кичик ва йирик корхоналар ўз маҳсулотларини намойиш этиш, ишлаб чиқариш соҳасидаги технологик янгиликлар, турдош тармоқ ва корхоналарнинг ютуқлари билан танишиш, истиқболда материаллар ва бутловчи қисмларга бўлган эҳтиёжни белгилаб олиш имкониятига эга бўлади. Ҳудудий ярмаркалар якунида иштирокчилар томонидан янги турдаги саноат маҳсулотлари ишлаб чиқаришни ўзлаштириш тўғрисида битимлар имзоланади. Иккинчи босқичда ушбу битимлар маҳсулот етказиб бериш тўғрисидаги шартномаларда расмийлаштирилиб, ишлаб чиқарувчининг келгуси йилга мўлжалланган буюртмалар портфелини шакллантиради. Шу икки босқич ўртасидаги даврда корхоналарда янги турдаги маҳсулот ишлаб чиқариш синовдан ўтказилади, тажриба партиялари тайёрланади, буюртмачилар билан келишилади ҳамда ўзлаштирилаётган маҳсулотнинг техник кўрсаткичлари талаб қилинган сифат даражасига мослаштирилади. Ҳудудий саноат форумлари ва Х Халқаро саноат ярмаркаси ва Кооперация биржаси давомида мамлакатимизда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар тўғрисидаги ягона маълумотлар базасини янгилаш ва унинг тақдимотини ўтказиш режалаштирилган. Бундан ташқари, саноат ярмаркаларида Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлигининг вакиллари, маҳаллий сармоядорлар ва хорижлик муассислар, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари иштирокида "Маҳсулотни маҳаллийлаштириш – ишлаб чиқариш кооперациясини кенгайтириш истиқболлари" мавзуида семинар ташкил этилади. Халқаро саноат ярмаркаси ва Кооперация биржаси доирасида кооперация алоқалари имкониятларини янада тўлиқ намойиш этиш мақсадида мамлакатимиз саноат корхоналари томонидан тақдимотлар ўтказилади, уларда ҳамкорлик тўғрисидаги таклифлар илгари сурилади. Иштирокчилар ишлаб чиқарилаётган товарлар, кўрсатилаётган хизматлар ҳамда импорт қилинаётган маҳсулотлар тўғрисида саноат форумининг дирекцияси томонидан ҳар йили нашр қилинадиган Ўзбекистон саноат маҳсулотлари каталогидан билиб олишлари мумкин. Шунингдек, улар www.cooper.uz сайтида ушбу нашрнинг электрон шакли билан танишиш ҳамда ўз корхонасини рўйхатдан ўтказиш имкониятига эга. Мухтасар айтганда, Халқаро саноат ярмаркаси ва Кооперация биржаси истиқболли ташаббусларни рўёбга чиқаришга интилаётган маҳаллий ишлаб чиқарувчилар, олим ва экспертлар, чет эл сармоядорларини бирлаштириш, мамлакатимиз саноати самарадорлигини ошириш йўлида барча иқтисодий рағбат ва механизмларни ишга солишга хизмат қилади. 


 Пресс-служба АК. Ўзбекистон миллий ахборот агентлиги маълумотларидан фойдаланилган

Возврат к списку


загрузка карты...