07.10.2015

Бухгалтерлар малакасини оширмоқда

Ҳар йили анъанавий равишда ўтказиб келинаётган мазкур тренингда федерация аъзолари, акциядорлик жамиятлари вакиллари ҳамда “Deloitte”, “Ernst&Young” ва “PricewaterhouseCoopers” каби халқаро нуфузли аудитлик ташкилотларидан экспертлар иштирок этди.

Мамлакатимизда акциядорлик жамиятларининг ривожланиши учун зарур ҳуқуқий муносабатларни такомиллаштириш масаласи доимий эътиборда эканлиги, яратилган қулай инвестициявий муҳит кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари ва уларда фаолият юритаётган бухгалтерларнинг соҳадаги мақомини оширишда муҳим омил бўлаётгани таъкидланди.

Давлатимиз раҳбари Ислом Каримовнинг жорий йил 24 апрелдаги “Акциядорлик жамиятларида замонавий корпоратив бошқарув услубларини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни кенг жалб этиш, акциядорлик жамиятлари фаолиятининг самарадорлигини тубдан ошириш, бўлажак инвесторлар учун уларнинг очиқлиги ва жозибадорлигини таъминлаш, корхоналарни стратегик бошқаришда дастуриламал бўлмоқда.

Фармонда чет эл капитали иштирокидаги акциядорлик жамиятларини ташкил қилиш, хорижий инвестицияларни кенг жалб этишга алоҳида эътибор қаратилган. Бу корхоналарда сифатли ва ягона молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартларини ва халқаро аудит стандартларини жорий қилишни талаб этади.

– Мазкур тадбирда Ўзбекистон бухгалтерия тизимини ислоҳ қилиш имкониятлари муҳокама этилиб, молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартларига ўтишга кўмаклашиш, халқаро стандартларни қўллаш борасидаги халқаро тажриба билан таништиришга ҳаракат қилдик, – дейди Ўзбекистон бухгалтерлар федерацияси бошқаруви раиси Нозир Иброҳимов. – Зеро, жорий йилдан 2018 йилгача барча акциядорлик жамиятлари йиллик молиявий ҳисоботни халқаро стандартларга мувофиқ тайёрлаши ҳамда халқаро аудит стандартлари доирасида ташқи аудитни ўтказишни ўрганиши ва фаолиятига татбиқ этиши зарур.

Cеминарда “Deloitte” компанияси вакиллари “Молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартларини дастлабки қўллаш”, “Ernst&Young” мутахассислари “Адолатли қийматни баҳолаш” ҳамда “PricewaterhouseCoopers” экспертлари “Жамланма молиявий ҳисобот” каби мавзуларда маърузалар қилди. Иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.

УзА

Возврат к списку


загрузка карты...