18.11.2015

Қулай инвестициявий муҳит ва иқтисодий ривожланиш

Бу пойтахтимизда 5-6 ноябрь кунлари ўтказилган Халқаро инвестициявий форум иштирокчиси, Корея Республикаси саноат, савдо ва табиий ресурслар вазирининг биринчи ўринбосари Ли Хван Сопнинг эътирофи.

Давлатимиз раҳбари томонидан ишлаб чиқилган тараққиётнинг “ўзбек модели” асосида мамлакатимиз иқтисодиёти изчил ривожланмоқда. Бошқа соҳаларда бўлгани каби, давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш тармоғида амалга оширилган ислоҳотлар ўз самарасини бермоқда. Давлат активлари инвестиция киритиш, юқори қўшимча қийматга эга замонавий ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш ва сервис объектларини ташкил қилиш, янги иш ўринлари яратиш шарти билан инвесторларга тўғридан-тўғри берилаётгани ривожланган давлатлар, нуфузли молия муассасалари эътиборини жалб этмоқда. Қисқа даврда 90 дан ортиқ мамлакат капитали иштирокида 5 мингдан зиёд корхона фаолияти йўлга қўйилгани бунинг ёрқин исботидир.

Таъкидлаш жоизки, мамлакатимизда қулай инвестициявий муҳит, энг илғор халқаро тажрибалар асосида хорижий инвесторларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш кафолатларининг мустаҳкам қонунчилик базаси, шунингдек, чет эл капитали иштирокида ташкил этилган корхоналар учун имтиёз ва преференциялар тизими яратилди. Президентимиз Ислом Каримовнинг 2005 йил 11 апрелдаги “Тўғридан-тўғри хусусий хорижий инвестицияларни жалб этишни рағбатлантириш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони улардан бири. Унга мувофиқ, тўғридан-тўғри хусусий хорижий инвестициялар ҳажми 300 минг доллардан 3 миллион долларгача бўлган корхоналар 3 йил, 3 миллиондан 10 миллион долларгача бўлган корхоналар 5 йил, 10 миллион доллардан ортиқ бўлган корхоналар 7 йил муддатга юридик шахслар фойдасидан олинадиган солиқ, мулк солиғи ва бошқа қатор мажбурий тўловлардан озод қилинади. Тўғридан-тўғри хорижий инвестиция улуши 33 фоиздан кам бўлмаган корхоналарга улар рўйхатга олинган санадан бошлаб икки йил давомида олиб кириладиган мулк ва товарлар учун божхона преференциялари тақдим этилади.

Президентимиз Ислом Каримовнинг 2015 йил 24 апрелдаги “Акциядорлик жамиятларида замонавий корпоратив бошқарув услубларини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони, шу йил 28 апрелдаги “Иқтисодиётда хусусий мулкнинг улуши ва аҳамиятини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ва бошқа қатор ҳуқуқий-меъёрий ҳужжатлар хорижий инвестицияларни жалб этиш, акциядорлик жамиятлари фаолиятининг самарадорлигини ошириш, хусусийлаштириш жараёнларини чуқурлаштиришга янада кенг йўл очди.

Ушбу ҳужжатлар асосида кейинги йилларда 1247 корхона ва объектни хусусий мулкка ўтказиш кўзда тутилган бўлиб, 68 йирик корхонадаги давлат улуши хорижий инвесторларга таклиф қилиниб, 343 корхонанинг давлат улуши чет эл ва маҳаллий инвесторлар учун савдога қўйилиши белгиланган. 324 объект хорижий ва маҳаллий инвесторларга очиқ савдоларда, 512 давлат объекти эса хорижий ва маҳаллий инвесторларга инвестицион мажбуриятларни қабул қилиш шарти билан «ноль» қийматда таклиф этилмоқда. Хусусан, “Кварц”, “Навоийазот” каби қатор акциядорлик жамияти ва стратегик корхоналарда умумий улушнинг 51 фоизи давлат бошқарувида сақлаб қолинган ҳолда, қолган қисмини ишлаб чиқаришни модернизация қилиш ва технологик янгилаш шарти билан сотиш таклиф этилмоқда.

Яқинда Тошкентда бўлиб ўтган Халқаро инвестициявий форум хорижий инвесторларга ўзаро манфаатли алоқаларни кенгайтириш, изчил ривожланаётган ва истиқболли Ўзбекистон бозорида бизнес юритишнинг янги қирраларини очиш имконини берди. Форум доирасида 100 дан ортиқ битим ва меморандум имзоланди.

– Ўзбекистонда кимё саноати жадал ривожланаётганини алоҳида таъкидлашни истардим, – дейди Ҳиндистондаги «Kay Pee Exports» компанияси бошқарувчи директори Чоудхуари Сингх. – Мамлакатингиз корхоналарида ишлаб чиқарилаётган турли минерал ўғитлар, ноорганик моддалар, кимёвий реагентлар, қишлоқ хўжалигида фойдаланиладиган ўсимликларни кимёвий ҳимоя қилиш воситалари, дефолиантлар каби маҳсулотлар юқори сифати билан ажралиб туради. Биз ана шундай корхоналар билан ҳамкорлик қилиш ниятидамиз.

“Ўзкимёсаноат” акциядорлик жамияти ҳам Халқаро инвестициявий форум доирасида бир қатор давлат вакиллари билан ҳамкорлик борасида келишиб олди. Хусусан, «Навоийазот» акциядорлик жамияти акцияларининг 49 фоизини сотиш бўйича Япониянинг “Мицубиси Корпорэйшн” ва “Марубени Корпорэйшн” компаниялари билан ўзаро англашув меморандумлари имзоланди.

“Ўзкимёсаноат” акциядорлик жамиятининг матбуот хизматидан маълум қилишларича, “Навоийазот” акциядорлик жамияти технологик жиҳозланиши, маҳсулотлар тури, ташқи ва ички бозор географияси, ишлаб чиқариш ҳажми ва яна бошқа кўрсаткичларига кўра кимё саноатида муҳим аҳамиятга эга бўлиб, каустик сода, хлор ва хлор маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи ягона корхонадир.

Бугун мамлакатимизда ишлаб чиқарилаётган кимё маҳсулотларининг қарийб 30 фоизи айнан “Навоийазот” ҳиссасига тўғри келади. 900 гектардан зиёдроқ майдонда жойлашган ва қарийб саккиз мингта ишчи-ходим меҳнат қилаётган корхонада қишлоқ хўжалиги, металлургия, тоғ-кон, қоғоз, нефть ва газ, лок-бўёқ, тўқимачилик, машинасозлик, ўрмон ва ёғочсозлик, мебель, қурилиш, коммунал хўжалик, электроника, тиббиёт соҳаларида кенг қўлланиладиган етмишдан зиёд турдаги ноёб ва қимматбаҳо маҳсулотлар тайёрланмоқда. Азотли-фосфорли ўғитлар, сирка кислотаси, хлор, каустик сода, формалин, метанол, аргон гази, кислород, аммоний хлориди, аммиак, ацетилен, ацетон, тиомочевина, акрил эмулсияси, формалдегидли қатронлар, техник газлар, пластик материаллар шулар сирасидандир. Таъкидлаш жоизки, ишлаб чиқарилган маҳсулотлар учун сарфланаётган хомашёнинг 80 фоизи маҳаллий хомашё ҳисобидан қопланмоқда.

Корхонада маҳсулот сифатини янада оширишга қаратилган юқори самарадор инвестицион лойҳаларни амалга ошириш ҳам эътиборда. Хусусан, ишлаб чиқарилаётган маҳсулот турлари ва сифатини янада ошириш мақсадида корхонада бир неча миллиард долларлик инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш мўлжалланмоқда. Қурилиш соҳаси учун поливинилхлорид (ПВХ), каустик сода, азот кислотаси, аммиак ва карбамид ишлаб чиқаришни янада кўпайтириш каби лойиҳалар шулар сирасидандир.

2016-2020 йилларда маънан эскирган техникаларни замонавий, электр тежамкорларига алмаштириш ва автоматик бошқарувни йўлга қўйиш мўлжалланмоқда. Бу мақсадлар учун 32 миллион доллар сарфланади. Ана шундай саъй-ҳаракатлар туфайли 2020 йилга бориб маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми икки баробарга ортиб, экспорт салоҳияти тўрт мартага кўпаяди. Бу, ўз навбатида, қисқа муддат ичида нафақат етакчи тармоқларни технологик қайта жиҳозлаш, иқтисодиётда энергия самарадорлигини таъминлаш, унинг рақобатбардошлиги ва самарадорлигини ошириш, балки экспорт салоҳиятини юксалтириш имконини беради.

Ютуқларга эришишда етук, салоҳиятли кадрларнинг ўз ўрни бор. Шу боис, Навоий давлат кончилик институти, Навоий техника касб-ҳунар коллежи билан яқиндан ҳамкорлик ўрнатилган. Ишчи-ходимлар манфаатларини ҳимоялаш мақсадида дам олиш хоналари, кутубхоналар, “Кимёгар” стадиони меҳнаткашлар хизматида. Спортнинг футбол, кураш, дзюдо, каратэ каби ўндан ортиқ турлари бўйича секциялар фаолияти йўлга қўйилган. Замонавий тиббиёт муассасаси, дам олиш ва соғломлаштириш профилакторийси ташкил этилган.

Эришилган ижобий ўзгаришлар тараққиётнинг ўзбекона моделининг босқичма-босқич амалга оширилиши, саноатни технологик реконструкция қилиш ва модернизациялаш, ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш, инновацион ғоялар ва ишланмалар, иқтисодиётга бозор механизмларининг дадил жорий этилиши самарасидир.

УзА

Возврат к списку


загрузка карты...