28.11.2015

Тадбиркор ёшлар сафи кенгаймоқда

Ишбилармон йигит бундай натижага ўз-ўзидан эришгани йўқ. Изланди, меҳнат қилди, ижодий салоҳиятини ишга солди. Унинг айтишича, бугунги кунда глобус ишлаб чиқариш жаҳоннинг саноқли мамлакатларидагина йўлга қўйилган. Италия, Германия, Россия, Хитой ва Ўзбекистон шулар жумласидан. Бобур Зокиров раҳбарлик қилаётган “Зиё глобус” фирмаси Марказий Осиёда глобус ишлаб чиқарувчи ягона корхона ҳисобланади. Корхонада ҳар ойда уч мингга яқин глобус ва йигирма турдаги ўқув қуроллари тайёрланмоқда.

Ташаббускор йигитнинг интилишлари доимо эътиборда. Бобур Зокиров ўтган йили “Ёш тадбиркор – юртга мададкор” кўрик-танловида ғолиб, деб топилди ва “Микрокредитбанк”дан 35 миллион сўм имтиёзли кредит олишга муваффақ бўлди. Жорий йилда “Зиё глобус” корхонаси “Ташаббус – 2015” республика кўрик-танловида “Менинг юртим маҳсулоти жаҳон бозорида” номинацияси бўйича биринчи ўринни қўлга киритди.

Бобур Ўзбекистон Конституцияси қабул қилинганининг 23 йиллиги муносабати билан “Ўзбекистон белгиси” кўкрак нишони билан тақдирланди.

Юртимизнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишида ёшларнинг улушини ошириш, уларнинг бўш вақтлари унумли ўтиши ҳамда бандликни таъминлашда “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати томонидан салмоқли ишлар амалга оширилмоқда. Биргина кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш йўналишидаги лойиҳалар сабаб ишбилармон ва ташаббускор йигит-қизлар сафи кенгайди. Бу борадаги эзгу саъй-ҳаракатларни амалга оширишда Президентимизнинг 2014 йил 6 февралдаги “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори дастуриламал бўлаётир.

Қарорга мувофиқ касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликка кенг жалб қилиш, уларнинг тадбиркорлик кўникмаларини шакллантиришга хизмат қилувчи “Менинг бизнес ғоям”, “Ёш тадбиркор – юртга мададкор”, "Мутахассислик – сенинг келажагинг", “Бизнес автобус”, “Таълим ва мутахассислик” сингари ўнлаб лойиҳалар ҳаётга татбиқ қилинмоқда.

Тошкент тиббиёт академиясини тамомлаган Хушнуд Ёрматов ҳам “Ёш тадбиркор – юртга мададкор” лойиҳасида иштирок этиб, ғолибликни қўлга киритди. Бу ютуқ унинг орзулари амалга ошишига замин ҳозирлади. Танлов имтиёзларидан оқилона фойдаланиб, ёш шифокор банкдан 80 миллион сўм имтиёзли кредит олиб, хусусий клиника очди.

Айни пайтда “Миржалол доктор” деб номланган мазкур шифо масканида урология, гинекология, неврология, стоматология йўналишлари бўйича малакали тиббий хизмат кўрсатилмоқда.

– Клиникамизда ўн беш ишчи ўрни яратилган, – дейди Х.Ёрматов. – Ходимларнинг асосий қисми ёшлар. Ҳаммамиз ишимиздан, ҳаётимиздан мамнунмиз. Киши ўзи қизиққан соҳада меҳнат қилса, янги-янги марраларни забт этишга, яхши натижаларни қўлга киритишга иштиёқи ортиб бораверар экан.

Мамлакатимизнинг барча ҳудудларида фаолият кўрсатаётган “Ёш тадбиркор” консультатив марказлари Хушнуд сингари илғор фикрли йигит-қизларга ҳар томонлама кўмак бериб келмоқда. Бу марказларда ёшлар кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик бўйича билим ва кўникмаларини ошириши, давлатимиз томонидан яратилаётган имтиёз ва имкониятлар, жорий қилинган ҳуқуқий ҳужжатлар мазмун-моҳияти билан доимий танишиб бориши мумкин. Энг муҳими, бўлажак тадбиркорларга тижорат банкларидан имтиёзли микрокредит олиш борасида маслаҳатлар бериб борилади.

Консультатив марказлар биргина шу йилнинг ўзида икки мингга яқин ёшга маслаҳат бериб, уларга умумий қиймати 25 миллиард 625 миллион сўмлик имтиёзли кредит олиш учун кўмаклашди. Кўплаб семинар-тренинг ва акциялар ташкил этилиб, ушбу тадбирларда олтмиш беш мингга яқин ёш қамраб олинди.

Болалигидан бувиси тиккан кашталарни кўриб, матога нақш тикишга ҳаваси уйғонган навоийлик Гулжамол Исломова ҳам ёш тадбиркорлардан.

– Қизиқишимни пайқаган онам мени болалигимдаёқ каштачилик тўгарагига берган эди, – дейди Г.Исломова. – Мактабда, оилада қўл меҳнатига эътибор кучлилиги боис чеварликка қизиқишим янада ортди. Тиккан буюмларимни “Ташаббус”, “Ёш тадбиркор – юртга мададкор” танловларига топширдим. Шундай тадбирлар сабаб менда бизнес бошлаш нияти туғилди. Коллежда ўқиш асносида “Тадбиркор аёл” уюшмаси кўмаги билан “Нур сўзана” миллий каштачилик цехини ташкил қилишга муваффақ бўлдим. Ҳозир бу ерда ўттиздан зиёд турда маҳсулот ишлаб чиқармоқдамиз. Аёллар костюми, дастурхон, ёстиқ, кўйлак, сўзана каби буюмларимиз асосан буюртма асосида тикилади.

“Нур сўзана”да ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар нафақат юртимиз, балки хорижда ҳам харидоргир. Корхонада ўндан зиёд қизлар иш билан банд. Бундан ташқари, ҳунар ўрганиш истагидаги ёшлар учун тўгарак ташкил этилган.

Бу йил йигирма бир ёшни қаршилаган тадбиркор қиз “Ташаббус – 2015” кўрик-танловининг мамлакат босқичида “Йилнинг энг ёш тадбиркори” сифатида эътироф этилди.

Навқирон авлод вакиллари эришаётган бундай ютуқларга яна кўплаб мисоллар келтириш мумкин. Президентимиз раҳнамолигида ёшларни изланишга, ҳалол меҳнат қилиб, фаровон яшашга ундаш борасида амалга оширилаётган хайрли ишлар ўз самараларини бермоқда.

УзА

Возврат к списку


загрузка карты...