21.09.2015

Жорий йилнинг 26 октябрь – 2 ноябрь кунлари Тошкентда IX Халқаро саноат ярмаркаси ва Кооперация биржаси бўлиб ўтади.

Мамлакатимиздаги ушбу йирик саноат форуми Президентимиз Ислом Каримовнинг 2007 йил 12 ноябрдаги «Ички тармоқ ва тармоқлараро саноат кооперациясини янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони, 2009 йил 1 декабрдаги «Саноат кооперацияси асосида тайёр маҳсулотлар, бутловчи буюмлар ва материаллар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштиришни чуқурлаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ва 2013 йил 29 январдаги «Мамлакатимизда ишлаб чиқарилган маҳсулотларнинг рақобатдошлилигини янада ошириш ва товарларни республикага ноқонуний олиб киришга қарши курашни кучайтириш тўғрисида»ги қарорларига мувофиқ ўтказилмоқда.

Саноат форумидан кўзланган асосий мақсад ишлаб чиқаришни оптималлаштириш, ички тармоқ ва тармоқлараро кооперацияни ривожлантириш ва мустаҳкамлаш, мамлакатимизда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар ҳақида кенг хабардор қилиш, маҳсулотлар етказиб бериш, жумладан, экспорт қилиш учун ҳамкорлар топиш ва улар билан шартномалар имзолашда хўжалик юритиш субъектларига кўмаклашишдан иборат.

Халқаро саноат ярмаркаси ва Кооперация биржаси дирекцияси директори Р.Келдиёровнинг сўзларига кўра, мамлакатимизда иқтисодий ислоҳотларни амалга оширишда ижобий натижалар бераётган ушбу форум самарадорлиги йил сайин ортиб бормоқда. Бугунги кунда 2015-2019 йиллар учун тайёр маҳсулотлар, бутловчи буюмлар ва материаллар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш дастури ва 2015-2019 йилларда ишлаб чиқаришни таркибий ўзгартириш, модернизация ва диверсификация қилишни таъминлаш чора-тадбирлари дастури саноат форумининг аҳамиятини белгиламоқда.

Шу боис жорий йилда ҳудудий ва тармоқ саноат ярмаркаларининг таркиби сифат ва сон жиҳатидан кенгайиб, имзоланган шартномалар, хусусан, экспорт битимлари сони кўпайди.

Халқаро саноат ярмаркаси ва Кооперация биржаси дирекцияси маълумотларига кўра, саноат форумининг I босқичида 89 мингдан зиёд киши, 4 минг 800 дан ортиқ маҳаллий корхона ва хорижий компаниялар вакиллари иштирок этди. Стендларда 22 мингдан ортиқ турдаги маҳсулот намойиш этилди. Уларнинг 710 таси янги маҳсулотлардир.

Бу йилги ҳудудий саноат ярмаркаларида 377,5 миллиард сўмлик шартномалар имзоланди. Бу ўтган йилги кўрсаткичдан 24,5 фоиз кўпдир. Экспорт шартномалари қиймати 180,8 миллион долларни ташкил қилди ва бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 8,4 фоиз кўп. Тармоқ саноат ярмаркалари якунлари бўйича умумий қиймати 617,9 миллиард сўмлик шартномалар имзоланди. Бу ўтган йилга қараганда 5,2 фоиз кўпдир.

Айни пайтда IX Халқаро саноат ярмаркаси ва Кооперация биржасининг иккинчи босқичига тайёргарлик ишлари амалга оширилмоқда. Ташкилотчиларнинг таъкидлашича, тадбир «Ўзэкспомарказ» миллий кўргазма компанияси майдонларида бўлиб ўтади. Кўргазма мажмуасининг 4 павильони, 2 атриуми, 2 конференция зали, очиқ турдаги 3 кўргазма майдончаси иштирокчилар ихтиёрида бўлади.

IX Халқаро саноат ярмаркаси ва Кооперация биржасида саноатимизнинг асосий тармоқлари, хусусан, металлургия, кимё ва нефть-кимё, автомобилсозлик, машинасозлик, электротехника, енгил, озиқ-овқат, фармацевтика саноати корхоналари иштирок этиши кутилмоқда.

Саноат форуми иштирокчиларига қулайлик яратиш мақсадида www.cooper.uz сайтида иштирокчилар аризасини онлайн режимида тақдим этиш модули яратилди, мамлакатимизда ишлаб чиқариладиган 20 минг турдан ортиқ саноат маҳсулотлари тўғрисидаги маълумотларни ўз ичига олган Ўзбекистон саноат маҳсулотлари маълумотлар базаси шакллантирилди. Бундан ташқари, Ўзбекистоннинг 2015-2016 йилги саноат маҳсулотлари каталоги нашр этилди ва унда мамлакатимиздаги 2100 корхона ва улар томонидан ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар ҳақида маълумот келтирилган.

Мухтасар айтганда, Халқаро саноат ярмаркаси ва Кооперация биржаси ҳар бир иштирокчи учун узоқ муддатли ҳамкорлар топиш, истиқболли шартномалар тузиш ва келгуси йил учун маҳсулотлар етказиб бериш бўйича буюртмалар портфелини шакллантириш учун яхши имкониятдир.

УзА

Возврат к списку


загрузка карты...