16.09.2015

«Ўзэкспомарказ»да «UzEnergyExpo – 2015» энергетика, энергияни тежаш, ёритиш, электротехника ҳамда «UzStroyExpo – 2015» қурилиш, иситиш, вентиляция, қувурлар ва фитинглар халқаро кўргазмалари иш бошлади.

Тадбир Тошкент шаҳар ҳокимлиги, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси, «Ўзбекэнерго», «Ўзқурилишматериаллари», «Ўзмахсусмонтажқурилиш» акциядорлик жамиятлари, Ўзбекистон Фанлар академиясининг Энергетика ва автоматика институти, «Ўзкоммунхизмат» агентлиги, «IEG Uzbekistan» халқаро кўргазма компанияси ҳамкорлигида ташкил этилди.

Кўргазмаларда Ўзбекистон, Беларусь, Германия, Италия, Эрон, Хитой, Жанубий Корея, Россия, Туркия, Украина компаниялари иштирок этмоқда.

Кўргазмаларнинг очилишида Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида Ўзбекистонда барча соҳада амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар иқтисодиётнинг кўплаб тармоқлари, жумладан, энергетика ва қурилиш саноатини жадал ривожлантиришда муҳим омил бўлаётгани таъкидланди.

Мамлакатимизда электр энергияси ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш, янги қувватларни ишга тушириш борасида катта ютуқларга эришилмоқда. Энергия тежаш, ёқилғи-энергетика ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш, энергия ишлаб чиқаришда янги технологияларни жорий этиш, қайта тикланадиган энергия манбаларини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилаётир. Шамол, қуёш, гидроэнергетика каби тикланадиган энергия манбалари ривожини ва қуёш-иссиқлик электростанцияларини жорий қилиш борасида инвестиция дастурлари амалга оширилмоқда.

Возврат к списку


загрузка карты...