07.07.2015

Иқтисодий ўсишнинг муҳим омили

Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида маҳаллийлаштириш дастурларининг амалга кенг татбиқ этилиши самарасида Ўзбекистонда ҳар йили 4 миллиард доллардан зиёд қийматдаги импорт ўрнини босадиган маҳсулотлар ишлаб чиқарилмоқда.

Мамлакатимизда тайёр маҳсулотлар, бутловчи қисмлар ва материаллар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш даражасини оширишга қаратилган меъёрий-ҳуқуқий база яратилган. Хусусан, давлатимиз раҳбарининг 2015 йил 11 февралдаги қарори билан тасдиқланган 2015-2019 йилларга мўлжалланган тайёр маҳсулот, бутловчи қисмлар ва материалларни маҳаллийлаштириш ва ишлаб чиқариш дастури бу йўналишдаги ишларни янада кенгайтиришга қаратилган. Дастурга мувофиқ 2019 йилгача умумий қиймати 5 миллиард доллардан зиёд 600 дан ортиқ лойиҳани амалга ошириш белгиланган.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Саноат, қурилиш ва савдо масалалари қўмитаси томонидан ташкил этилган Иқтисодиёт вазирлигининг маҳаллийлаштириш дастури юзасидан амалга оширилаётган ишлари тўғрисидаги ахбороти эшитувида шулар ҳақида сўз юритилди.

Мамлакатимизда тайёр маҳсулот, бутловчи қисмлар ва материаллар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштиришни чуқурлаштириш, тармоқлараро саноат кооперациясини кенгайтириш бўйича қабул қилинаётган тизимли чора-тадбирлар натижасида 2010-2014 йилларда маҳаллийлаштириш лойиҳаларини татбиқ этаётган корхоналар томонидан 46 триллион сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилган. Бу борадаги ишлаб чиқариш ҳажми 2,3 маротаба ошиб, 10 мингта янги иш ўрни яратилган.

Маҳаллийлаштириш дастурлари самарасида сўнгги 15 йил давомида 4 минг турдаги импорт ўрнини босувчи маҳсулот ишлаб чиқариш ўзлаштирилган. Соҳанинг жадал ривожланишини таъминлашда мавжуд имкониятлардан янада самарали фойдаланиш муҳим аҳамиятга эга.

Маҳаллийлаштириш дастурларини амалга оширишга замонавий ёндашув ишлаб чиқаришни янада кенгайтириш, янги маҳсулот турларини кўпайтириш ва халқимиз фаровонлигини оширишга хизмат қилади.

ЎзА

Возврат к списку


загрузка карты...