08.06.2015

Тадбиркорлар учун яна бир қулайлик

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудий бошқармаси ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда давлат бошқаруви, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, шунингдек, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари вакиллари иштирок этди.

Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси ўринбосари М.Мамутов ва бошқалар Президентимиз раҳнамолигида иқтисодиётни либераллаштириш, бошқарувнинг бозор тамойиллари ва механизмларини жорий этиш, қулай ишбилармонлик муҳитини шакллантириш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш йўлидаги ортиқча бюрократик тўсиқ ва ғовларни бартараф этиш борасида тизимли ишлар амалга оширилаётганини таъкидлади.

Президентимизнинг 2015 йил 15 майдаги “Хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони бу борада муҳим дастуриламал бўлаётир.

Мазкур ҳужжат хусусий тадбиркорликнинг иқтисодиётдаги роли ва ўрнини тубдан ошириш, тадбиркорлик фаолиятини ташкил этиш йўлидаги мавжуд тўсиқ ва чекловларни тугатиш, хусусий мулкнинг ялпи ички маҳсулот, жумладан, хориж сармояси иштирокидаги улушини изчил ошириш учун янада қулай иқтисодий, ҳуқуқий шароит ва рағбатлар яратишга қаратилгани билан аҳамиятлидир.

Фармонга мувофиқ, хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг ишончли ҳимоясини таъминлаш, уларнинг жадал ривожланиши йўлидаги тўсиқларни бартараф этишнинг асосий йўналишлари бўйича жорий йилда амалга ошириладиган чора-тадбирлар дастури тасдиқланди.

Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятини текширишни янада тартибга солиш ҳамда тадбиркорлик фаолиятига тўсқинлик қилганлик ва ноқонуний аралашганлик, хусусий мулкдорлар ҳуқуқларини бузганлик учун давлат, ҳуқуқни муҳофаза қилиш ва назорат қилувчи органлар мансабдор шахсларининг жавобгарлигини ошириш, жумладан, жиноий жавобгарлигини жорий этиш ўта муҳим аҳамият касб этувчи вазифа сифатида белгиланган.

2015 йилнинг 1 июлидан режали текширувлар ўтказишнинг ягона тартиби ва даврийлиги жорий этилади. Мазкур тартибга кўра, микрофирмалар, кичик корхона ва фермер хўжаликлари фаолияти бўйича барча текширувлар режали асосда тўрт йилда бир мартадан кўп бўлмаган, бошқа хўжалик субъектларини текшириш уч йилда бир мартадан кўп бўлмаган ва фақат Ўзбекистон Республикаси Назорат қилувчи органлар фаолиятини мувофиқлаштирувчи республика кенгаши қарори билан амалга оширилади. Айни пайтда молиявий-хўжалик фаолияти билан боғлиқ бўлмаган режали текширувларни амалга ошириш муддати 30 календарь кунидан 10 кунгача қисқартирилмоқда.

Анжуманда Президентимиз фармонида белгиланган ана шу жиҳатлар ва бошқа имтиёзлар хусусида тадбиркорларга атрофлича маълумот берилди. Бу борада Қорақалпоғистон Республикасида амалга оширилаётган ишлар хусусида сўз юритилди.

Қорақалпоғистонда 10 минг 732 кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъекти фаолият кўрсатмоқда. Уларнинг ялпи ҳудудий маҳсулот ишлаб чиқаришдаги улуши жорий йилнинг биринчи чорагида 51 фоизни ташкил этди. Ўтган давр мобайнида 3 минг 380 янги иш ўрни яратилди.

Назорат органлари томонидан ўтказиладиган текширувларни камайтириш, корхоналарнинг молия-хўжалик фаолиятига ноқонуний аралашувга йўл қўймаслик борасида самарали ишлар амалга оширилмоқда. Хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш мақсадида солиқ ва бошқа мажбурий тўловларни ўз вақтида амалга оширган, ишлаб чиқариш кўрсаткичларини яхшилашга эришган ва рентабелликни таъминлаган 22 тадбиркорлик субъекти жорий йил текширувлар режасидан чиқарилди. Назорат қилувчи органлар фаолиятини мувофиқлаштирувчи республика кенгаши томонидан 48 марта очиқ суҳбат ўтказилиб, уларда кўплаб тадбиркорларнинг муаммолари ижобий ҳал этилди.

Анжуманда иштирокчиларни қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб қайтарилди.

УзА

Возврат к списку


загрузка карты...