05.03.2015

Замонавий уйларга талаб ортмоқда

Давлатимиз раҳбарининг 2009 йил 3 августда қабул қилинган “Қишлоқ жойларда уй-жой қурилиши кўламини кенгайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори бу борадаги ишлар кўламини кенгайтиришда муҳим дастуриламал бўлиб хизмат қилмоқда.

Якка тартибдаги янги турар жой массивлари учун “Қишлоқ қурилиш банк” акциядорлик тижорат банки вилоят минтақавий филиали уч минг уч юздан ортиқ фуқарога имтиёзли ипотека кредити ажратди.

Қишлоқларда бунёд этилган юзга яқин янги уй-жой массивлари вилоят киёфасини тубдан ўзгартириб, аҳолининг кўркам ва шинам уйларда, барча қулайликларга эга замонавий маҳаллада осойишта, фаровон турмуш кечириш борасидаги орзу-умидларини рўёбга чиқарди. Кўркам массивларда кенг ва равон йўллар, ижтимоий инфратузилма объектлари, хизмат кўрсатиш шохобчалари қурилаётгани, табиий газ, тоза ичимлик суви, электр энергияси билан таъминланиб, коммуникация тармоқлари барпо этилаётгани шаҳарникидан қолишмайдиган шароитларга эга бундай уйларга одамларнинг интилишини кучайтирмоқда.

Ипотека кредитлари ажратиш ва солиқ тўловларида имтиёзлар қўлланилаётганидан аҳоли мамнун. Хусусан, имтиёзли ипотека кредити олган жисмоний шахслар ва шерик қарздорлар учун солиққа тортиладиган иш ҳақи ва бошқа даромадларнинг имтиёзли кредит маблағлари ҳамда улар бўйича ҳисобланган фоизларни қоплашга йўналтирилган қисми даромад солиғи тўлашдан озод этилган. Шунингдек, қишлоқ жойларда намунавий лойиҳалар асосида қурилаётган якка тартибдаги уй-жойларга эгалик қилган жисмоний шахслар ипотека кредитларини тўлиқ қоплагунча мулк солиғи тўламаслиги белгилаб қўйилган.

Ўтган йили вилоятдаги 26 массивда 887 турар жой биноси ва қатор ижтимоий инфратузилма объектлари, сервис ва хизмат кўрсатиш шохобчалари қурилди. Термиз туманидаги Солиобод маҳалласида 80 ана шундай уй-жой қад ростлади. Замонавий массивда барпо этилган гузар ҳам маҳаллага ўзгача кўрк бағишлади. Янги гузарда барча қулайликларга эга маҳалла идораси, савдо ва хизмат кўрсатиш шохобчалари, озиқ-овқат бозори барпо этилди. Иккита замонавий мини-футбол стадиони, болалар майдончаси ёш авлодни жисмонан соғлом, маънан етук улғайтиришга хизмат қилаётир.

Қишлоқларда бунёд этилаётган янги уйлар, турар жой массивлари одамларнинг турмуш тарзи, дунёқарашини тубдан ўзгартириб, уларда Ватанга муҳаббат, эртанги кунга ишонч туйғусини мустаҳкамламоқда.

Возврат к списку


загрузка карты...