17.03.2015

Саноатчилар халқаро кўргазмалари

Тадбир Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси, Савдо-саноат палатаси, «Ўзавтойўл» ва «Ўзкимёсаноат» давлат акциядорлик компаниялари, бошқа идора ҳамда ташкилотлар кўмагида IEG Uzbekistan кўргазма компанияси томонидан ташкил этилди.

Форумнинг очилишида Ўзбекистонда ишлаб чиқариш корхоналари изчил модернизация қилиниб, замонавий юқори технологик ускуналар билан қайта жиҳозланаётгани ва бу мамлакатимиз саноатини барқарор ва жадал ривожлантиришга хизмат қилаётгани таъкидланди. Президентимизнинг 2010 йил 15 декабрдаги “2011-2015 йилларда Ўзбекистон Республикаси саноатини ривожлантиришнинг устувор йўналишлари тўғрисида”ги қарори бу борада муҳим дастуриламал бўлмоқда.

Халқаро форум саноат корхоналари ва илмий ташкилотлар ютуқларини намойиш қилиш, техник жорий этиш ҳамда инновация фаолиятини ривожлантиришга қаратилган. Бу нафақат кооперация майдони, балки ички ва ташқи бозорга янги технологиялар, замонавий асбоб-ускуна, бутловчи буюмларни таклиф этиш билан шуғулланадиган ишлаб чиқариш корхоналари ва фирмаларини қўллаб-қувватлашга йўналтирилган инвестиция ҳамда иқтисодий сиёсатнинг муҳим воситаси ҳамдир.

Жорий йилги халқаро форум металлургия, металлга ишлов бериш, машинасозлик – «UzMetalMashExpo», махсус техника ва бутловчи буюмлар – «UzSpecTechExpo», тоғ-кон саноати технология ва ускуналари – «UzMiningExpo», кимё саноати, пластмасса ва полимерлар ишлаб чиқариш ҳамда уларга ишлов бериш – «UzChemPlastExpo», хавфсизлик технологиялари ва ҳимоя воситалари – «UzSecureExpo», саноатни автоматлаштириш, ахборот технологиялари ва дастурий таъминот – «UzAutomationExpo» ихтисослаштирилган кўргазмаларини ўз ичига олган.

Форумда Ўзбекистон, Германия, Швейцария, Буюк Британия, Хитой, Жанубий Корея, Италия, Туркия, Эрон, Бирлашган Араб Амирликлари, Беларусь, Украина, Россия, Қозоғистон каби 16 давлатдан элликдан зиёд компания иштирок этаётир. Уларнинг фаолияти тоғ-кон, металлургия, энергетика тармоқларида саноат автоматика қурилмалари, айрим таркибий қисмлар ва комплексларни лойиҳалаштириш, қуриш ҳамда фойдаланишга топширишга қаратилган. Кенг турдаги энергия ресурсларини ҳисобга олиш приборлари, автоматлаштирилган бошқарув тизимлари ва биноларнинг хавфсизлик тизимлари намойиш этилмоқда.

Форум экспозициясидан Тоғ-кон саноати учун технологиялар ва ускуналар – «UzMiningExpo – 2015» мавзуси бўйича ихтисослаштирилган кўргазмага махсус жой ажратилган. Экспозицияда Ўзбекистон саноатининг салоҳияти намойиш этилмоқда. Унда Навоий кон-металлургия комбинати, Олмалиқ кон-металлургия комбинати ва «Ўзбеккўмир» очиқ акциядорлик жамияти каби йирик саноат компаниялари қатнашмоқда.

«UzMiningExpo» кўргазмаси қатнашчилари сонининг йил сайин ортиб бораётгани мамлакатимизда геология-қидирув ишлаб чиқариши ривожланиб бораётганидан яққол далолатдир. Бу галги кўргазмада турли мамлакатлар тоғ-кон саноатининг йирик ва машҳур корхоналари энг илғор ускуналарини тақдим этган. Хусусан, геологик ахборотга ишлов бериш бўйича дастурий таъминот, тоғ-бурғулаш ускуналари, йўл-қурилиш, қишлоқ хўжалиги, коммунал, аэродром-тозалаш ва бошқа махсус техникалар шулар жумласидандир.

– Форумда илк бор иштирок этмоқдамиз, – дейди Италиянинг «GTV BLAST» компанияси менежери Роберто Росси. – Компаниямиз тоғ-кон саноати, йўл қурилиши ва бошқа соҳалар учун ускуналар етказиб беради. Ўзбекистонда ушбу соҳалар жадал ривожланиб бораётгани боис муносабатларимиз истиқболли ва янада самарали бўлишига ишонаман.

Мамлакатимизнинг «JV MAN AUTO UZBEKISTAN» корхонаси экспозицияси алоҳида қизиқиш уйғотмоқда. Корхона томонидан очиқ кон самосваллари, бетон қоригич, автокран, бурғулаш қурилмалари учун платформалар, қудуқларни цементлаш қурилмалари, шатаклар, коммунал ва бошқа техникалар намойиш этилмоқда. Соҳанинг бошқа корхоналари ҳам тоғ-кон саноатида фойдаланиладиган замонавий техника ва технологияларни тақдим этган.

Ўзбекистон металлургия саноатининг муваффақиятли фаолият кўрсатаётгани мамлакатимиз иқтисодиёти барқарорлигининг муҳим омили ҳисобланади. Негаки, ушбу соҳа иқтисодиётимизни диверсификация қилишга ҳисса қўшиб, янги иш ўринлари ташкил этишга хизмат қилмоқда.

«UzMetalMashExpo» кўргазмаси металлургия саноати учун машиналар, саноат ускуналари, бутловчи буюмлар, деталлар ва эҳтиёт қисмлар ишлаб чиқарувчилар ҳамда етказиб берувчилар манфаатларини бирлаштиришда муҳим ўрин тутади. Экспонатлар орасида эритилган пўлат печлар, рух югуртирилган металл, токарлик, фрезерлаш, силлиқлаш ускуналари, назорат-ўлчаш приборлари, қаттиқ ва оғир қотишмалардан буюмлар ишлаб чиқарадиган корхоналар бор.

Мухтасар айтганда, ушбу форум саноатчилар, бизнесменлар, давлат ҳокимияти органлари ва илмий доира вакилларининг ўзига хос амалий мулоқот майдонига айланиб, корхона ва ташкилотлар, инвесторлар ўртасидаги муносабатларни янада мустаҳкамлашга кўмаклашади.

Возврат к списку


загрузка карты...