31.10.2014

Ўзбекистон Республикасини 2014 йилнинг тўққиз ойида ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари тўғрисида

I. Иқтисодиётнинг барқарор юқори ўсиш суръатларини таъминлаш бўйича қабул қилинган стратегияни давом эттириш ва бунинг учун мавжуд захира ва имкониятларни сафарбар этиш

Жаҳон иқтисодиётида ҳали-бери сақланиб қолаётган жиддий муаммоларга қарамасдан, жорий йил аввалида Ўзбекистонда иқтисодий ривожланиш бўйича қабул қилинган стратегияни изчил ва аниқ мақсадли амалга ошириш учун мавжуд захираларни жалб этишга доир кўрилган чора-тадбирлар ялпи ички маҳсулотнинг 8,1 фоизга ўсиши, макроиқтисодий барқарорликни мустаҳкамлаш имконини берди. Бу давлат бюджетининг профицити (ялпи ички маҳсулотга нисбатан 0,1 фоиз) ва ташқи савдо айланмасининг 900 миллион доллардан зиёд ижобий сальдосида ўз ифодасини топмоқда.

Технологик жараёнларни модернизация қилиш ва янгилаш, корхоналарнинг молиявий барқарорлигини ошириш ва рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кенгайтиришда реал сектор корхоналарини рағбатлантириш ҳамда қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирларнинг амалга оширилиши натижасида саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 8,4 фоиз, истеъмол товарлари 11,3, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари 6,8, чакана савдо айланмаси 14,2, пуллик хизмат кўрсатиш 11,1 ва жами хизматлар ҳажми 14,7 фоизга ошди.

Муҳим объектлар ва ишлаб чиқариш қувватларини ишга туширишни жадаллаштириш, йўл-транспорт ва коммуникация инфратузилмасини ривожлантириш, шу мақсадда хусусий инвестицияларни рағбатлантириш ҳамда тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб қилиш ҳажмини кенгайтиришга қаратилган фаол инвестиция сиёсатининг амалга оширилиши ўзлаштирилган капитал қўйилмалар ҳажмини 10,7 фоиз ва пудрат қурилиш ишларини 18,9 фоизга ўсишини таъминлади.

Банк тизимининг ресурс базасини кенгайтириш ва банкларнинг инвестициявий фаоллигини ошириш бўйича кўрилган чора-тадбирлар тижорат банклари умумий капитали 24,7 фоиз, банкларнинг умумий активлари 29,2, жалб қилинган депозитларнинг 30,4 фоизга кўпайишини таъминлади. Натижада мамлакатимиз банк тизими капиталининг етарлилик даражаси 23,9 фоизни ташкил қилди ва бу халқаро стандартларга нисбатан уч баробар юқоридир.

2014 йилнинг тўққиз ойида Ўзбекистон Республикасини ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг асосий кўрсаткичлари
(2013 йилнинг шу даврига нисбатан фоиз ҳисобида)

Кўрсаткичлар                        Ўсиш суръатлари

Ялпи ички маҳсулот                      108,1
Саноат маҳсулотлари                    108,4
Истеъмол товарлари                      111,3
Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари   106,8
Қурилиш ишлари                           118,9
Чакана савдо айланмаси               114,2
Пуллик хизматлар                          111,1
Жами хизматлар                             114,7

Шу йилнинг тўққиз ойида 141 корхонада молиявий соғломлаштириш тадбирларини амалга ошириш учун «Йўл хариталари» доирасида қиймати 558 миллиард сўм миқдоридаги инвестициялар, жумладан, банкларнинг 360,6 миллиард сўмлик кредитлари жалб қилинди. Бунинг натижасида 119 корхона зарар кўришдан чиқарилди ва улар 139,2 миллиард сўм даромад олди, 2300 дан зиёд янги иш ўрни ташкил этилди ва қайта тикланди. Қайта ташкил этилаётган корхоналарда жами қиймати 4,5 триллион сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилди ва хизматлар кўрсатилди, шунингдек, қиймати 192,6 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилинди.

Зарар кўриб ишлаётган ва иқтисодий ночор корхоналарнинг ишлаб чиқариш қувватларини оптималлаштириш ҳамда улардан фойдаланиш самарадорлигини ошириш мақсадида майдони 539,5 минг квадрат метрдан иборат бўш турган 330 объект ва 216 гектардан зиёд фойдаланилмаётган ер участкаларини янги мулкдорларга сотиш ишлари бошланди.

Тармоқлар рақобатбардошлигини юксалтириш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш доирасида жорий йил бошидан буён йирик корхоналарда қиймати 184,5 миллион долларга тенг 2770 маънавий ва жисмоний эскирган ускуна алмаштирилди. Ишлаб чиқариш жараёнини оқилона ташкил этиш, корхоналарни технологик янгилаш, хомашё ва материаллар сарфини камайтириш бўйича амалга оширилган чора-тадбирлар натижасида шу йилнинг тўққиз ойида йирик саноат корхоналарида ишлаб чиқарилаётган маҳсулот таннархи ўртача 9,2 фоизга камайтирилди, саноатда иш унумдорлиги 6,6 фоизга оширилди.

Ишлаб чиқариш корхоналарини модернизация қилиш, техник ва технологик янгилаш дастурлари, шунингдек, саноат корхоналарининг молиявий барқарорлигини оширишга қаратилган чора-тадбирларнинг ҳаётга татбиқ этилиши таркибий туб ўзгаришлар жараёни ва саноат тармоқларини диверсификация қилишни янада чуқурлаштиришга ёрдам берди.

2014 йилнинг тўққиз ойида машинасозлик ва металлни қайта ишлаш (2013 йилнинг шу даврига нисбатан ўсиш суръати 114,2 фоиз), қурилиш материаллари саноати (113 фоиз), енгил саноат (115,9 фоиз, жумладан, трикотаж – 118 фоиз, тикувчилик – 126,1 фоиз, пахтани қайта ишлаш – 125,4 фоиз), фармацевтика (113,9 фоиз), қора металлургия (113,4 фоиз), озиқ-овқат саноати (109,7 фоиз) каби саноат тармоқларида жадал ривожланиш таъминланди. Саноат ишлаб чиқариш умумий таркибида ушбу тармоқлар улуши ўтган йилнинг 9 ойидаги 54,5 фоиздан ҳисобот даври якунларига кўра 59 фоизгача ўсди.

Истеъмол товарлари ишлаб чиқаришни кенгайтиришни рағбатлантириш мақсадида жорий йил бошидан буён технологик ускуналар харид қилиш ва айланма капитални тўлдириш учун ишлаб чиқарувчи корхоналарга банклар томонидан 2,6 триллион сўм (2013 йилнинг шу даврига нисбатан 124,7 фоиз), жумладан, озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқаришга 1,2 триллион сўм (122,2 фоиз) ва ноозиқ-овқат товарлари ишлаб чиқаришга 1,4 триллион сўм (127 фоиз) ҳажмида кредитлар ажратилди. Натижада шу йилнинг тўққиз ойида истеъмол товарлари ишлаб чиқариш ҳажми 11,3 фоиз, жумладан, озиқ-овқат маҳсулотлари 7,9 фоиз ва ноозиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш 13,6 фоиз ошди.

2014-2016 йилларда тайёр маҳсулотлар, бутловчи қисмлар ва материаллар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш дастурини амалга ошириш доирасида жорий йилнинг январь-сентябрь ойларида 443 лойиҳа бўйича қиймати ўртача 2 триллион сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилди. Импорт ўрнини босиш бўйича ҳисоблаб чиқилган самара 870 миллион доллардан ошди. Маҳаллийлаштирилган 525 турдаги янги маҳсулот, хусусан, электр духовка, газ ва электр плиталар, кондиционерлар, электр двигатель ва насослар, розеткалар учун штепсел, пайвандлаш симлари, автомашиналар учун антифриз, спорт майдонлари учун сунъий қоплама, резина асосли ковролан, янги турдаги болалар ўйинчоқлари, спорт анжомлари ва бошқа тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариш ўзлаштирилди.

Таркибий туб ўзгариш жараёнларини чуқурлаштириш, саноат тармоқларини диверсификация қилиш ва рақобатбардошлигини оширишга доир чора-тадбирлар натижасида жорий йилнинг тўққиз ойида юк автомобиллари, автомобиль двигателлари, автобуслар, культиваторлар, музлатгич ва совутгичлар, тикувчилик, трикотаж буюмлари ва пайпоқ, пойабзал, чармдан тайёрланган галантерея буюмлари ва юқори қўшимча қийматга эга бошқа маҳсулотлар ишлаб чиқариш сезиларли равишда кўпайди.

II. Саноатда юқори технологияли ва замонавий муҳим объектлар ва қувватларни ишга тушириш, инвестиция жараёнини ривожлантириш ва такомиллаштириш

Инвестициявий муҳитни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари билан биргаликда, юқори технологияли ва замонавий муҳим объектлар ва қувватларни ишга туширишни жадаллаштириш, ишлаб чиқаришни модернизация қилиш, техник ва технологик янгилаш жараёнларини чуқурлаштиришга қаратилган фаол инвестиция сиёсатининг амалга оширилиши иқтисодиётда ўзлаштирилган инвестицияларнинг юқори ўсиш суръатларига эришиш имконини берди. Жорий йилнинг тўққиз ойи якунларига кўра, уларнинг ҳажми 10 миллиард доллардан ошди.

Ўзлаштирилган инвестициялар умумий ҳажмининг 2,1 миллиард доллардан ортиғи ёки 20,7 фоизини чет эл инвестиция ва кредитлари ташкил қилди. Уларнинг ҳажми ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 19 фоиз, жумладан, тўғридан-тўғри чет эл инвестициялари 1,7 миллиард долларга ёки 22,3 фоиз ўсди.

Ўтган даврда умумий қиймати 875,7 миллион долларлик 105 йирик инвестиция лойиҳаси амалга оширилди. Жумладан, «Жиззах вилоятида портландцемент ва оқ цемент ишлаб чиқаришни ташкил этиш», «Фосфорит хомашёсини бойитиш бўйича мавжуд ишлаб чиқаришни кенгайтириш», «Damas» ва «Orlando» русумидаги енгил автомобиллар ишлаб чиқаришни ташкил этиш», «Ангрен» махсус индустриал зонаси ҳудудида янги замонавий шакар заводини қуриш ва ташкил этиш», «Сино» акциядорлик жамиятида музлатгич ва кондиционерлар ишлаб чиқаришни модернизация қилиш ва кенгайтириш», «Leading Force Company» қўшма корхонасида майдалаш-саралаш ва асфальт қориш комплексини ташкил этиш», «Жиззах» махсус индустриал зонасида сантехника буюмлари ва қуёш энергияси ёрдамида сув иситиш тизимлари (коллекторлар) ишлаб чиқаришни ташкил этиш каби ва бошқа лойиҳалар бўйича ишлаб чиқариш қувватлари фойдаланишга топширилди.

Умуман жорий йил бошидан буён ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурлари доирасида 4271 лойиҳа ҳаётга татбиқ этилди. Жумладан, қурилиш материаллари саноатида (1333 лойиҳа), озиқ-овқат (1152), енгил ва тўқимачилик (939), мебель ва қоғоз саноатида (376), кимё ва нефть-кимё саноатида (310) ва бошқа тармоқларда 2715 янги ишлаб чиқариш объекти ишга туширилди. Мазкур лойиҳаларни амалга ошириш учун тижорат банклари томонидан қиймати 822,6 миллиард сўмлик кредит ажратилди, лойиҳа ташаббускорларининг 1190,6 миллиард сўмлик ўз маблағлари жалб этилди, 38,3 миллион долларлик тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ўзлаштирилди ва 60 мингдан зиёд янги иш ўрни яратилди.

V-VII Республика инновация ярмаркаларида тузилган шартномалар доирасида шу йилнинг тўққиз ойида саноат маҳсулотларининг тажриба намуналари ишлаб чиқарилди, 11 шартнома бўйича янги технологиялар ишлаб чиқаришга жорий қилинди, 15 лойиҳа асосида мамлакатимиз илмий ва таълим муассасалари томонидан ишлаб чиқилган илмий маҳсулотлар етказиб берилди, 9 лойиҳа бўйича ташкилотларга илмий-техник хизмат кўрсатилди. 6 турдаги инновация маҳсулотлари, жумладан, ўтга чидамли енгил буюмлар ва юқори ҳароратли ўтга чидамли материаллар, шунингдек, фармацевтика маҳсулотлари ишлаб чиқариш йўлга қўйилди.

III. Ишбилармонлик муҳитини шакллантириш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва янада рағбатлантириш

Шу йилнинг ўтган даврида мамлакатимизда қулай ишбилармонлик ва инвестиция муҳити яратиш, қонунчилик ва меъёрий-ҳуқуқий базани такомиллаштириш, тадбиркорлик фаолиятини ташкил этиш ҳамда амалга ошириш учун ортиқча бюрократик ва маъмурий тартиб-таомилларга чек қўйишга доир ишлар давом эттирилди.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2014 йил 7 апрелдаги «Ўзбекистон Республикасида инвестиция иқлими ва ишбилармонлик муҳитини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПФ 4609-фармони ижросини таъминлаш мақсадида тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимоясини кучайтириш, уларнинг молиявий-хўжалик фаолиятини текшириш сонини чеклаш, кичик бизнес субъектларига қўшимча солиқ преференциялари бериш, ташқи иқтисодий фаолиятни амалга ошириш механизмларини соддалаштириш, шунингдек, кичик ва хусусий тадбиркорлик субъектлари билан ўзаро муносабатларда давлат органлари фаолиятининг очиқлигини таъминлашга қаратилган қонунчилик ва меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди.

Кичик ишлаб чиқариш корхоналари ташкил этишга кўмаклашиш мақсадида ўтган даврда кичик бизнес субъектларига умумий қиймати 60,5 миллиард сўмлик 224 давлат активи (жумладан, 151 объект нолга тенг қийматда) сотилди, фойдаланилмаётган 23 мингта давлат мулки объекти ижарага берилди. Тижорат банклари томонидан кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларига 7,3 триллион сўм миқдорида кредит ва микрокредитлар (жумладан, 1,5 триллион сўмлик микрокредит) берилди. Бу 2013 йилнинг шу даврига нисбатан 1,3 баробар кўпдир. Халқаро молия институтларининг кичик тадбиркорликни ривожлантириш учун тақдим этилган 129 миллион долларлик (1,2 баробар) кредит линиялари ўзлаштирилди.

Ишбилармонлик муҳитини шакллантириш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва янада рағбатлантириш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар жорий йилнинг тўққиз ойида 20,2 мингта янги кичик бизнес субъектини (фермер ва деҳқон хўжаликлари ҳисобга олинмаган ҳолда) ташкил этиш имконини берди. Энг кўп кичик бизнес субъектлари саноат ва қурилиш тармоқларида (умумий миқдорнинг 38,6 фоизи) ташкил қилинди. Натижада фаолият кўрсатаётган кичик бизнес корхоналари умумий сони 2013 йилнинг шу даврига нисбатан 3,5 фоиз кўпайди.

Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик корхоналарининг товар бозорларидан фойдаланишини кенгайтиришга доир кўрилган чора-тадбирлар туфайли 2014 йилнинг тўққиз ойида кичик тадбиркорлик субъектлари биржа савдолари орқали 1,2 триллион сўмлик (ўсиш 1,9 баробар) ўз маҳсулотларини сотди, қиймати 3 триллион сўмдан зиёд (ўсиш 1,7 баробар) маҳсулот сотиб олди. Электрон савдолар орқали амалга оширилган давлат харидлари ҳажми шу йилнинг тўққиз ойида 333,7 миллиард сўм ёки давлат харидлари умумий ҳажмининг 98,3 фоизини ташкил этди. Давлат харидлари бўйича электрон савдоларнинг жорий этилиши ҳисобига ушбу мақсадлар учун кўзда тутилган 82,2 миллиард сўмлик ёки 19,5 фоиз бюджет маблағлари иқтисод қилинди.

Статистик, солиқ, молиявий ва бошқа ҳисоботларни топширишнинг электрон тизимини босқичма-босқич жорий этиш доирасида айни пайтда тадбиркорлик субъектларининг 99 фоизи солиқ ҳисоботларини, 94,7 фоизи статистика ҳисоботларини электрон шаклда топширмоқда. Бундан ташқари, давлат органлари ва тадбиркорлик субъектлари ўртасидаги муносабатларнинг контактсиз электрон шаклларини ривожлантириш натижасида жорий йилнинг тўққиз ойида 280 мингдан зиёд божхона юк декларациялари (умумий миқдорнинг 98,2 фоизи) электрон шаклда расмийлаштирилди. Олий хўжалик суди томонидан суд иши иштирокчиларининг 30 мингдан ортиқ электрон ариза ва мурожаатлари кўриб чиқилди, уларга 42 мингдан зиёд хабарнома электрон шаклда тақдим этилди.

Ишбилармонлик муҳитини янада такомиллаштириш бўйича кўрилган чора-тадбирлар самарасида 2014 йилнинг тўққиз ойида ялпи ички маҳсулотда кичик бизнеснинг улуши 52,9 фоиз (2013 йилнинг тўққиз ойида бу кўрсаткич 51,2 фоиз бўлган), саноатда 31,1 фоиз (27,9 фоиз), инвестицияларда 33,2 фоиз (32,2 фоиз), пуллик хизмат кўрсатишда 47 фоиз (43,1 фоиз), бандлик соҳасида 76,5 фоиз (76 фоиз) ўсди.

IV. Ишлаб чиқаришни модернизация қилиш, техник ва технологик янгилаш ҳамда жаҳон бозорига чиқишнинг муҳим омили бўлган тўлақонли рақобат муҳитини шакллантириш

Жаҳонда асосий экспорт позициялари учун нарх конъюнктурасининг ноқулайлиги ва мамлакатимизнинг савдо шериклари бўлган қатор давлатларда истеъмол талаби пасайиб бораётган шароитда ташқи бозорларда экспортчи корхоналаримиз ўринларини мустаҳкамлаш мақсадида ўтган даврда маҳсулотлар рақобатбардошлигини оширишга доир чора-тадбирлар билан бир қаторда, экспорт қилинаётган миллий маҳсулотларимиз ҳажми ва номенклатурасини кенгайтириш чора-тадбирлари ҳам амалга оширилди.

Жумладан, юк автомобиллари, автобуслар, мис асосли қотишмалар, полиэтилен, ип-калава, трикотаж полотно, аммиакли селитра, кальцинацияланган сода, супрефос ва бошқа товарларни экспортга етказиб бериш ҳажми ошди.

Бундан ташқари, жорий йил бошидан буён 322 янги корхона экспорт фаолиятига жалб этилиб, улар қиймати 332 миллион долларлик маҳсулотни экспортга етказиб берди, 172,2 миллион долларлик 143 турдаги янги маҳсулот, жумладан, «Cobalt» ва «Gentra» русумидаги автомобиллар, қолиплаш-пайвандлаш таркибий қисмлари, радиаторлар, автомобиль ўриндиқларини шамоллатиш тизими ва ташқи бозорда харидоргир бошқа маҳсулотларни экспорт қилиш ўзлаштирилди. Шу даврда мамлакатимиз корхоналари илк бор ўз маҳсулотларини 51 давлатга экспортга етказиб беришни йўлга қўйди.

2012-2016 йилларда хизмат кўрсатиш соҳасини ривожлантириш дастури ижроси доирасида ўтган даврда сервис инфратузилмасини ташкил этиш ва ривожлантириш учун «Микрокредитбанк»нинг 33 миллиард сўмдан зиёд кредит маблағи йўналтирилди. Умуман, жорий йил бошидан буён сервис хизматларини кўрсатиш бўйича 10 мингдан ортиқ лойиҳа амалга оширилди.

Масалан, 2013-2020 йилларда телекоммуникация технологияларини, алоқа тармоқлари ва инфратузилмаларини ривожлантириш дастурини амалга ошириш доирасида жорий йилнинг тўққиз ойида замонавий технология асосида кенг миқёсда фойдаланиш учун 650 километрдан ортиқ оптик толали тармоқлар бунёд этилди ва захира қилиб қўйилди. Ахборот-коммуникация технологиялари соҳасида ишлаб чиқилган 75 мингдан зиёд таълим-ахборот ресурслари ZiyoNET электрон портали кутубхонасида жойлаштирилди. Рақамли телевидениега босқичма-босқич ўтиш доирасида аҳолини рақамли телевидение билан қамраб олиш даражаси 45 фоизга етказилди.

Мобиль алоқа ва интернет хизматларидан фойдаланаётган абонентлар сонининг кўпайиши, ахборот-коммуникация технологиялари негизида янги хизмат турларининг жорий этилиши ва ривожлантирилиши, шунингдек, АТСни рақамлаштириш даражасининг ошгани натижасида алоқа ва ахборотлаштириш хизматлари 23,7 фоиз, компьютерда дастурлаш хизматлари 20,6 фоиз ўсди.

Микро ва истеъмол кредитлашни ривожлантириш, замонавий халқаро стандарт ва технологиялардан фойдаланган ҳолда тўлов тизимини такомиллаштириш, шунингдек, молиявий инфратузилма институтларини ривожлантириш бўйича амалга оширилган чора-тадбирлар молия хизматлари ҳажмини 33,6 фоиз ошириш имконини берди.

Чакана савдо ва умумий овқатланиш соҳасида 5,1 мингга яқин янги лойиҳаларнинг ҳаётга татбиқ этилиши тегишли хизматларнинг 16,6 фоиз кўпайишига ёрдам берди. Маиший хизмат кўрсатиш соҳасида 3,1 мингдан зиёд лойиҳанинг амалга оширилиши натижасида маиший хизматлар ҳажми 20 фоизга ошди.

Умуман, хизмат кўрсатиш соҳасини жадал ривожлантириш ва қишлоқ аҳолисининг замонавий хизмат турларидан фойдаланишини кенгайтиришга доир кўрилган чора-тадбирлар туфайли мазкур соҳанинг ялпи ички маҳсулотдаги улуши 50,1 фоизга етди (2013 йилнинг 9 ойида бу кўрсаткич 49,9 фоиз бўлган).

V. Қишлоқ хўжалигини техник ва технологик янгилаш

2013-2017 йиллар даврида суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш давлат дастурини амалга ошириш доирасида жорий йил бошидан буён Суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан 81,4 миллиард сўмлик капитал қўйилмалар ўзлаштирилди. Натижада узунлиги 739,8 километр коллектор, вертикал дренажли 107 қудуқ, 1269 кузатув қудуғи ва 75,2 километр ёпиқ горизонтал дренаж тармоғини қуриш ва реконструкция қилиш ишлари якунланди, 9,5 минг километр хўжаликлараро ва хўжалик ичидаги коллектор-дренаж тармоқларида таъмирлаш-қайта тиклаш ишлари бажарилди.

Шу йилнинг тўққиз ойида асосий ва оралиқ экин майдонларида 255,8 минг гектар ерга сабзавот, 81,5 минг гектар ерга картошка ва 57,1 минг гектар майдонга полиз экинлари экилди. 2,4 минг гектар майдонда янги боғлар, 5,6 минг гектар ерда интенсив боғлар ва 8,9 минг гектар ерда узумзорлар барпо этилди. 4,1 минг гектардаги боғ ва 6,1 минг гектарлик узумзорлар реконструкция қилинди. 410 гектар майдонда 750 янги иссиқхона ташкил этилди.

Жорий йилда сув кам бўлганига қарамасдан, деҳқонларимизнинг омилкорлиги ва фидокорона меҳнати самарасида суғориш сувларидан оқилона фойдаланишни таъминлашга доир кўрилган чора-тадбирлар натижасида ўтган даврда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларидан мўл ҳосил етиштирилди ва йиғиштириб олинди. Хусусан, жорий йилнинг тўққиз ойида 6,7 миллион тонна сабзавот (2013 йилнинг шу даврига нисбатан 111,4 фоиз), 1,9 миллион тонна картошка (111 фоиз), 1,2 миллион тонна полиз маҳсулотлари (109,3 фоиз), 1,7 миллион тонна мева (111,5 фоиз) ва 991,6 минг тонна узум (109,3 фоиз) етиштирилди.

Мамлакатимиз аҳолисини 2014-2015 йиллар куз-қиш даврида мева-сабзавот маҳсулотлари билан таъминлаш мақсадида тайёрлов корхоналари ва ижтимоий соҳа ташкилотларининг омбор ҳамда музлатиш хоналарида 74,2 минг тонна миқдорда асосий озиқ-овқат маҳсулотлари, жумладан, 11,3 минг тонна картошка, 24,3 минг тонна пиёз, 2,8 минг тонна сабзи, 1,23 минг тонна карам, 24 минг тонна мева, 4,3 минг тонна полиз маҳсулотлари, 4,2 минг тонна гуруч ва бошқа маҳсулотлар ғамланди.

Жорий йил бошидан буён чорвачиликни ривожлантириш бўйича 53 минг бош қорамолга мўлжалланган 2 мингдан зиёд лойиҳа, паррандачиликни ривожлантириш бўйича 10,3 миллион паррандага мўлжалланган 788 лойиҳа, балиқ етиштириш бўйича 747 лойиҳа, шунингдек, асаларичилик хўжаликларини ривожлантириш бўйича 828 лойиҳа амалга оширилди. Тижорат банклари ушбу лойиҳалар учун чорвачиликни ривожлантиришга 185 миллиард сўм, паррандачилик хўжаликлари ташкил этиш учун 85,5 миллиард сўм, балиқчилик ва асаларичилик хўжаликларини ривожлантириш учун 15,2 миллиард сўм ажратди.

Натижада жорий йилнинг тўққиз ойи якунлари бўйича қорамоллар умумий сони 4,1 фоизга кўпайиб, 10,9 миллион бошга етди. Гўшт етиштириш ҳажми 6,8 фоиз, сут 7 фоиз, тухум 12,3 фоизга ошди.

VI. Ижтимоий соҳани ривожлантириш, иш ўринлари яратиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш, уй-жой қуриш ва аҳоли яшаш масканларини ободонлаштириш

2014 йилда Қишлоқ жойларда намунавий лойиҳалар бўйича якка тартибдаги уй-жойлар қурилиши дастурини амалга ошириш доирасида жорий йилнинг ўтган даврида 1,5 триллион сўмлик инвестициялар ўзлаштирилди. Янги қишлоқ массивларида намунавий лойиҳалар асосида бунёд этилган 10830 якка тартибдаги уй-жой фойдаланишга топширилди.

Қишлоқ жойларда бунёд этилган янги уй-жой массивларини зарур муҳандислик-коммуникация ва ижтимоий инфратузилма объектлари билан таъминлаш мақсадида шу йилнинг тўққиз ойида 470,2 километр сув таъминоти тармоқлари, 291,1 километр айланма ва ички автомобиль йўллари фойдаланишга топширилди, узунлиги 289,6 километр электр тармоқлари барпо этилди, 297 кичик трансформатор станцияси ўрнатилди, шунингдек, 307,9 километр газ таъминоти тармоғи ишга туширилди. Бундан ташқари, қишлоқ аҳолисининг турмуш даражасини янада ошириш мақсадида янги массивларда 135 ижтимоий ва бозор инфратузилмаси объектлари ташкил этилди.

Бу борада амалга оширилган чора-тадбирлар самарасида жорий йил бошидан буён мамлакатимизда 9,2 миллион квадрат метр (2013 йилнинг шу даврига нисбатан 110,1 фоиз), жумладан, қишлоқ жойларда 7,1 миллион квадрат метр уй-жой (111,1 фоиз) фойдаланишга топширилди. 2 минг километрдан зиёд, жумладан, қишлоқ жойларда 1,8 минг километр сув таъминоти тармоғи, шунингдек, 361 километр, қишлоқ жойларда эса 269 километр газ тармоқлари барпо этилди.

Бундан ташқари, республика иқтисодиёти тармоқлари ва ижтимоий инфратузилма объектларини куз-қиш даврида барқарор ишлашга тайёрлаш мақсадида 68 қозонхона, 132 қозон, 72,8 километр иссиқлик, 83,2 километр газ, 169,9 километр сув, 16,5 минг километрдан ортиқ электр тармоқлари, 5,6 мингта трансформатор пунктлари, 469 болалар боғчаси, 98 мактаб, 79 шифохона, 6 «Мурувват» ва «Саховат» уй-интернатлари, 3 болалар уйи, шунингдек, 878 кўп қаватли уйлар капитал таъмирланди.

«Соғлом бола йили» Давлат дастури ижроси доирасида 2014 йил 1 августда Ўзбекистон Республикаси Президентининг «2014-2018 йилларда Ўзбекистонда аҳолининг репродуктив саломатлигини янада мустаҳкамлаш, оналар, болалар ва ўсмирлар соғлиғини муҳофаза қилиш борасидаги давлат дастури тўғрисида»ги ПФ 2221-қарори ва 2014 йил 11 июлдаги Вазирлар Маҳкамасининг «Давлат музейларининг болалар ва уларнинг ота-оналарига очиқлигини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 189-қарори қабул қилинди.

Ўтган даврда 59,2 минг ўқувчи ўрнига мўлжалланган 210 умумтаълим мактабини (жумладан, ихтисослаштирилган мактаблар) қуриш ва реконструкция қилиш, 159 мактабни капитал таъмирлаш, шунингдек, уларни мебель, компьютер синфлари, ўқув-лаборатория ускуналари ва бошқа инвентарлар билан жиҳозлаш учун қарийб 300 миллиард сўмлик капитал қўйилмалар ўзлаштирилди. Бундан ташқари, 37 болалар мусиқа мактаби ва 89 болалар спорти объекти (жумладан, умумтаълим мактабларида 73 спорт зали) барпо этиш, реконструкция қилиш ва капитал таъмирлаш учун 218,2 миллиард сўм ўзлаштирилди.

Умуман, 2014 йилнинг тўққиз ойида «Соғлом бола йили» Давлат дастурини амалга оширишга 4,2 триллион сўм ва 200 миллион доллар маблағ йўналтирилди.

Иш ўринларини ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастурини фаол амалга ошириш натижасида жорий йилнинг тўққиз ойида 777,8 минг янги иш ўрни, улардан 465 мингтаси ёки умумий миқдорнинг 59,8 фоизи қишлоқ жойларда ташкил этилди. Янги иш ўринлари умумий миқдорнинг 281,8 мингтаси янги кичик корхона ва микрофирмаларни ишга тушириш, 87,4 мингтаси якка тартибдаги тадбиркорликни ривожлантириш ҳисобидан, 116,6 мингтаси фермер ва деҳқон хўжаликларида яратилди.

Ўтган даврда аҳолининг иқтисодий фаоллиги мамлакатимизда иш ҳақини 17,7 фоиз, ўртача пенсияларни 15,7 фоиз, аҳоли жами даромадини 18,7 фоизга ошириш имконини берди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов раҳнамолигида ишлаб чиқилган 2014 йилги иқтисодий дастурнинг энг муҳим вазифа ва устувор йўналишларининг изчил ҳамда аниқ мақсадли амалга оширилиши натижасида ташқи бозорда салбий тенденциялар сақланиб қолаётгани ва жаҳон иқтисодиёти ривожининг секинлашишига қарамасдан, жорий йилнинг тўққиз ойида мамлакатимизда иқтисодиётнинг мустаҳкам юқори ўсиш суръатларини ва макроиқтисодий барқарорликни сақлаш таъминланди.

Мамлакатимизда амалга оширилаётган иқтисодий сиёсатнинг асосий вазифаси жорий йилда иқтисодиётнинг барқарор юқори ўсиш суръатларини таъминлаш, келгуси йилларда макроиқтисодий барқарорликни янада мустаҳкамлаш учун мустаҳкам асос яратиш бўйича қабул қилинган стратегияни амалга оширишни давом эттиришдан иборатдир. Бунда ишбилармонлик ҳамда инвестиция муҳитини мунтазам такомиллаштириш орқали мавжуд захира ва имкониятларни жалб этиш, иқтисодиёт тармоқларини диверсификация қилиш ва уларнинг рақобатбардошлигини ошириш ҳамда йўл-транспорт ва коммуникация инфратузилмасини ривожлантиришда инвестициялар самарадорлигини ошириш, шунингдек, иқтисодиётнинг таркибий туб ўзгаришларида хусусий секторнинг ролини кучайтиришга таянилади.

Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги
Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси

Возврат к списку


загрузка карты...