29.10.2014

“Ўзэкспомарказ”да VIII Халқаро саноат ярмаркаси ва Кооперация биржаси давом этмоқда

Уларда Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида амалга оширилаётган кенг кўламли иқтисодий ислоҳотлар самараси яққол намоён бўлди. Ушбу форум мамлакатимиз иқтисодиётининг янада ривожланиши, тармоқлараро саноат кооперацияси кенгайиши, ишлаб чиқариш ва чакана савдо айланмаси ҳажмининг ошишида муҳим омил бўлмоқда.

Мамлакатимизда йўл ва транспорт-коммуникация соҳаларида изчил ишлар амалга оширилмоқда. Бу юртимизнинг жаҳон бозорига фаол интеграциялашуви ва ҳудудлар инфратузилмаси ривожида алоҳида ўрин тутмоқда. Президентимизнинг 2010 йил 21 декабрдаги “2011-2015 йилларда инфратузилмани, транспорт ва коммуникация қурилишини ривожлантиришни жадаллаштириш тўғрисида”ги қарори ушбу йўналишда муҳим дастуриламал бўлмоқда.

Жаҳон талабларига жавоб берадиган йўллар қуриш ва таъмирлаш ишлари изчил давом эттирилмоқда. Жорий йилнинг биринчи ярмида “Ўзавтойўл” давлат акциядорлик компанияси томонидан халқаро, давлат ва маҳаллий аҳамиятга эга бўлган умумий фойдаланувдаги йўлларда 48 миллиард сўмликдан зиёд капитал таъмирлаш ишлари бажарилган.

– Ушбу ярмаркада иштирок этиш асносида автомобиль йўллари қурилиши соҳасида замонавий технологиялар ва машина механизмларини харид қилиш бўйича шартномалар тузмоқдамиз, – дейди компания бошқарма бошлиғи А.Амиров. – Бу борада Тошкент трактор заводи, “GM Uzbekistan” ва “Ўзкейсмаш” қўшма корхоналари билан фаол ҳамкорлик қиламиз, йўл қуришда уларда ишлаб чиқарилаётган техникалардан кенг фойдаланамиз. Ушбу саноат ярмаркасининг афзаллиги шундаки, унинг доирасида биз, саноатчилар тармоқ ва тармоқлараро ҳамкорлик бўйича тўғридан-тўғри шартномалар тузиш имконига эгамиз. Ўтган йилги ярмаркада қирқ бир миллиард сўмлик бир нечта шартнома имзолаган эдик. Бу галги анжуманнинг икки кунида компаниямиз тизимидаги корхоналар томонидан ўттиз бир миллиард сўмлик шартномалар тузилди.

Қурилиш саноати мамлакатимиз иқтисодиётининг истиқболли тармоқларидан бири. Бугунги кунда ушбу соҳага янги технологиялар, инновацион ечимлар кенг жорий этилмоқда. Мамлакатимизда уй-жой, ижтимоий ва инфратузилмавий қурилишнинг жадал ривожланаётгани қурилиш материаллари ишлаб чиқариш суръатларининг ўсишида ҳам яққол намоён бўлаётир.

– Корхонамиз турли тошлардан, жумладан, мармардан қурилиш ва безашда фойдаланиладиган маҳсулотлар ишлаб чиқаради, – дейди “Маржон” масъулияти чекланган жамияти директори Ғ.Шукуров. – Бозордаги талабни ўрганган ҳолда маҳсулотларимизнинг турини кўпайтириш ва ҳажмини ошириш устида иш олиб боряпмиз. Бугунги кунда маҳсулотларимиз билан ички бозорни таъминлаш баробарида ташқи бозорга ҳам экспорт қиляпмиз. Халқаро саноат ярмаркаси ва Кооперация биржаси Ўзбекистоннинг турли ҳудудларидан келган ишбилармонлар билан музокаралар олиб бориш ва ўзаро манфаатли ҳамкорлик ўрнатиш имкониятини бераётганидан жуда мамнунмиз. Биз каби тадбиркорларнинг самарали ва эркин иш юритиши, ўз маҳсулотларини экспорт қилиши учун кенг йўл очиб берилгани, бу борадаги улкан имкониятлар ва қулайликлар учун Президентимиздан беҳад миннатдормиз.

Мамлакатимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Айниқса, тадбиркорларнинг экспорт салоҳиятини янада кенгайтириш, уларга замонавий, рақобатбардош маҳсулот ишлаб чиқаришни кўпайтириш ва уни экспортга чиқаришда зарур ҳуқуқий, молиявий ва ташкилий ёрдам кўрсатиш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар ўзининг юксак самараларини бераётир.

– Корхонамизда олти хилда газ ускуналари ишлаб чиқарилади, – дейди “Фарғона газ ускуналари заводи” масъулияти чекланган жамияти бош директори У.Маҳмудов. – Улар юксак сифати ва нархининг арзонлиги билан харидорларга манзур бўлмоқда. Бугунги кунда Фарғона водийсида қурилаётган намунавий уй-жойлар корхонамиз маҳсулотлари билан таъминланмоқда. Маҳаллийлаштириш дастури самарасида заводимиз янада кенг имкониятларга эга бўлди. “Фарғона газ ускуналари заводи” йилига олти минг донагача газ ускунаси ишлаб чиқариш қувватига эга. Ўтган йилги кооперация биржасида етти юз миллион сўмлик бир нечта шартнома имзолаган бўлсак, бу галги ярмаркада шу вақтгача қарийб икки миллиард сўмлик тўртта шартнома имзолашга муваффақ бўлдик.

Иқтисодиётимизда амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар хорижий сармоядорлар билан ҳамкорликни янада кенгайтириш учун пухта замин яратмоқда. Халқаро саноат ярмаркаси ва Кооперация биржасида элликдан зиёд мамлакатдан кўплаб компания ва фирмалар вакиллари иштирок этиб, мамлакатимиз ишбилармонлари билан ҳамкорлик юзасидан музокаралар олиб бормоқда.

– Халқаро саноат ярмаркаси ва Кооперация биржаси юксак савияда ташкил этилганини алоҳида таъкидламоқчиман, – дейди “Xinjang Benma International Logistic” компанияси вакили Сун Вэй Мин (Хитой). – Анжуманда ҳар бир иштирокчига ўзини қизиқтирган тармоқ ҳақида тўла маълумот олиш, ҳамкорлик юзасидан музокара ўтказиш, битим ва шартномалар тузиш учун барча қулайликлар яратилган. Ўзбекистон биз учун истиқболли бозор. Юртингизда саноатни ривожлантиришга қаратилаётган эътибор, кенг имконият ва имтиёзлар хитойлик сармоядорларнинг ҳамкорликка қизиқишини тобора кучайтирмоқда. Биз ҳам Ўзбекистоннинг тўқимачилик соҳасида фаолият юритувчи компаниялари билан шартномалар тузиш ниятидамиз.

Халқаро саноат ярмаркаси ва Кооперация биржасида самарали мулоқотлар ўтказилиб, шартномалар имзоланмоқда.

Возврат к списку


загрузка карты...