28.10.2014

“Ўзэкспомарказ”да VIII Халқаро саноат ярмаркаси ва Кооперация биржаси иш бошлади

Мазкур жараён мустақилликнинг илк йилларидан буён амалга ошириб келинаётган ислоҳотларни изчил давом эттириш, муҳим тармоқларни модернизация қилиш, техник ва технологик янгилаш, ишлаб чиқарувчилар, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга асосланади.

Иқтисодиётни барқарор ривожлантириш ва модернизация қилиш стратегиясининг тизимли равишда ва изчил амалга оширилаётгани самарасида мамлакатимизда жорий йилнинг ўтган 9 ойида ялпи ички маҳсулот 8,1 фоиз ўсди. Саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 8,4, истеъмол товарлари 11,3, чакана товар айирбошлаш 14,2 ва пулли хизматлар 11,1 фоиз ўсди.

Мамлакатимиз ишлаб чиқаришнинг истиқболли йўналишларини ривожлантириш ва маҳаллий хомашё асосида янги турдаги маҳсулотлар ишлаб чиқаришни ўзлаштириш, кооперация алоқаларини янада мустаҳкамлашда улкан ютуқларни қўлга киритмоқда. Бу импорт ўрнини босадиган маҳсулотлар ишлаб чиқариш, экспорт салоҳиятини янада ошириш имконини бермоқда. Президентимиз Ислом Каримовнинг 2007 йил 12 ноябрда қабул қилинган «Ички тармоқ ва тармоқлараро саноат кооперациясини янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонига мувофиқ ҳар йили ўтказиб келинаётган Халқаро саноат ярмаркаси ва Кооперация биржаси шу ва бошқа кўплаб вазифаларни ҳал этишда муҳим восита бўлиб хизмат қилмоқда.

Мазкур тадбирлар мамлакатимизда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар ҳақида кенг хабардор қилиш, ички тармоқ ва тармоқлараро кооперацияни кенгайтириш, илгари четдан олиб келинган маҳсулотларни юртимизда ишлаб чиқаришни ўзлаштириш, шунингдек, бўлажак ҳамкорлар ва хорижий мижозларни жалб этишга кўмаклашмоқда.

Таъкидлаш керакки, Халқаро саноат ярмаркаси ва Кооперация биржаси доирасида мамлакатимиз корхоналарида қайта ишланган хомашё ва материаллар, бутловчи қисм ва асбоб-ускуналар, ишлаб чиқариш-техник йўналишдаги тайёр маҳсулотлар истеъмолчиларга тўғридан-тўғри шартномалар асосида, қўшимча тендерлар ўтказмасдан сотилмоқда. 2009 йилда Халқаро саноат ярмаркаси ва Кооперация биржасида мамлакатимиздан 378 саноат корхонаси қатнашган бўлса, 2013 йилда уларнинг сони 1,3 мингдан ошди.

Шу билан бирга, хорижий иштирокчилар сафи ҳам йилдан-йилга кенгайиб бормоқда. Хусусан, 2009 йилда 602 хорижий иштирокчи қатнашган бўлса, ўтган йили бу кўрсаткич мингдан ошди. Чет эллик ишбилармонлар тадбир доирасида мамлакатимизнинг саноат салоҳияти билан танишиб, Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган маҳсулотларни харид қилиш масаласини кўриб чиқмоқда ва ўз маҳсулотларини етказиб бериш бўйича шартномалар тузмоқда. Айни пайтда улар Ўзбекистонда юқори технологияли маҳсулотлар ишлаб чиқариш бўйича қўшма ёки ўз корхонасини ташкил этиш истиқболларини баҳолаш имконига эга бўлмоқда.

Бу ерда юқори сифатли кенг турдаги маҳсулотлар намойиш этилаётгани, ўзаро манфаатли шартномалар тузиш имконияти мавжудлиги боис ўтган йилги форум доирасида саноат кооперацияси асосида 6,2 триллион сўмлик маҳсулот харид қилиш бўйича шартномалар имзоланган эди. Экспорт шартномаларининг ҳажми эса 6,3 миллиард АҚШ долларини ташкил қилди.

Жорий йилда Халқаро саноат ярмаркаси ва Кооперация биржаси ҳам анъанага кўра икки босқичда ўтказилди. Жорий йилнинг март-июнь ойларида ўтказилган биринчи босқичда ҳудудий ва тармоқ саноат ярмаркалари бўлиб ўтди. Уларда 3,8 мингдан ортиқ корхона 19 минг турдан зиёд маҳсулотларини намойиш этди. Ярмаркалар якуни бўйича 2014 йилда саноат кооперацияси асосида қиймати 890,5 миллиард сўмлик маҳсулот етказиб беришга доир хўжалик шартномалари ва 260,2 миллион долларлик экспорт шартномалари тузилди.

Форумнинг иккинчи босқичида мамлакатимизнинг 1,7 мингдан зиёд корхона, компания ва ташкилотлари намойиш этаётган 20 мингдан ортиқ товар- хизматларнинг олти юздан зиёди Маҳаллийлаштириш дастури доирасида ўзлаштирилган янги турдаги маҳсулотлардир.

– Саноат ярмаркаси ва Кооперация биржасининг халқаро мақоми унинг нуфузидан, Ўзбекистонда экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш ва халқаро ҳамкорликни кенгайтиришга катта эътибор қаратилаётганидан далолат беради, – дейди «Comes» давлат акциядорлик компаниясининг лойиҳалар бўйича менежери (Руминия) Александр Ставила. – Кимё, металлургия ва нефтни қайта ишлаш тармоқлари учун ускуналар ишлаб чиқарадиган компаниямиз ўзбекистонлик саноатчилар билан тўғридан-тўғри ўзаро манфаатли муносабат ўрнатишни режалаштирмоқда.

Радиоэлектроника, электр техникаси ускуналари ишлаб чиқариш ва асбобсозлик корхоналари ҳам кўплаб маҳсулотларини намойиш этмоқда.

Форум иштирокчилари орасида «Ўзбекэнерго» давлат акциядорлик компанияси ҳам бор. Компаниянинг 10 корхонаси электр тармоқлари барпо этишда ишлатиладиган ускуналар, кичик электр станциялари, трансформатор, электр узатиш линиялари ва темир йўлни электрлаштириш мосламалари, маиший ва саноат ҳисоблагичлар, ўтга чидамли материалларни намойиш этаётир.

– Ўзбекистонда чет эллик инвесторлар учун кенг имкониятлар яратилаётгани, хусусан, «Ангрен» махсус индустриал зонаси «EG Lightings» компанияси(Жанубий Корея)ни Янги Ангрен иссиқлик электр станцияси билан узоқ муддатли муносабатларни йўлга қўйиш ва қўшма лойиҳани амалга оширишга ундади, – дейди «Egl-Nur» қўшма корхонасининг ишлаб чиқариш бўйича менежери Де Хи Ким. – Айни пайтда ички ва ташқи ёритишга мўлжалланган энергия тежовчи ёруғлик диодли лампалар ишлаб чиқармоқдамиз. Корхонамиз Ўзбекистон бозорига яқинда кириб келган бўлса-да, «Ўзбекистон темир йўллари» давлат акциядорлик компанияси, энергетика тармоғи корхоналари билан ҳамкорликни йўлга қўйганмиз. Бу галги ярмаркада Ўзбекистон бозоридаги янгилик – офислар учун ясси панелли энергия тежовчи лампаларни тақдим этмоқдамиз.

“Ўзфармсаноат” давлат акциядорлик концерни корхоналари сифатли фармацевтика маҳсулотлари ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш ва кенгайтириш имкониятларини намойиш этмоқда. Чунончи, жорий йилда «Nika Pharm» шўъба хўжалик жамияти дори воситалари ишлаб чиқариш бўйича қўшимча қувватли ва 5,35 миллион АҚШ долларилик инвестициявий салоҳиятга эга янги, юқори технологияли автоматлаштирилган комплексни ишга туширди.

Халқаро саноат ярмаркаси ва Кооперация биржаси кўргазма залларидан бири мамлакатимиз ҳудудларининг саноат салоҳиятига бағишланган. Бу ерда кўплаб кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъекти вакилларини учратиш мумкин. Зеро, улар саноат кооперациясини ривожлантириш ва ишлаб чиқаришни диверсификация қилишда муҳим ўрин тутади.

Беш кун давом этадиган Халқаро саноат ярмаркаси ва Кооперация биржасида йирик саноат корхоналари, етакчи ишлаб чиқарувчилар, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари, шунингдек, ҳудудларнинг 60 дан ортиқ марказлаштирилган тақдимотларини ўтказиш режалаштирилган. Ишбилармонлик муносабатларини ўрнатиш ва йўлга қўйиш, моддий ишлаб чиқариш секторида тадбиркорлик ҳамда новаторлик лойиҳаларини ривожлантириш мақсадида ярмарка иштирокчиларига Ўзбекистоннинг 2014-2015 йилги саноат маҳсулотлари каталоги таклиф этилмоқда. Унда мамлакатимизнинг 2300 дан зиёд корхонаси ва улар томонидан ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар тўғрисидаги ахборотлар жамланган.

Таъкидлаш жоизки, тадбирлар ишчанлик муҳитида ўтмоқда. Маҳсулотларнинг ишлаб чиқариш секторлари бўйича жойлаштирилгани, батафсил ахборотларнинг тақдим этилаётгани ярмарка иштирокчи ва меҳмонларига ўзларини қизиқтирган объектлар, расмий вакилларни тез топишга кўмаклашмоқда.

Возврат к списку


загрузка карты...