20.02.2014

Қурилиш тармоғининг улкан салоҳияти

“Ўзқурилишматериаллари” акциядорлик компанияси тизимида қурилиш материаллари ишлаб чиқаришга ихтисослашган юздан ортиқ корхона фаолият кўрсатмоқда. Уларда қарийб барча турдаги қурилиш материаллари, жумладан, оҳак, деворбоп, қоплама ва пардозлаш материаллари, йиғма темир-бетон ва бетон конструкциялар ишлаб чиқариш йўлга қўйилган. Қурилишда цемент маҳсулотларига ҳам талаб катта. Қишлоқ жойларни ободонлаштириш борасида олиб борилаётган ишлар самарасида кейинги ўн йилда цемент ишлаб чиқариш ҳажми икки ярим баробардан ортиқ кўпайди. 2013 йилда мамлакатимизда цемент ишлаб чиқариш суръатлари 4,4 фоизга ортди.

Ўзбекистонда цемент маҳсулотларининг йирик ишлаб чиқарувчиларидан бири “Оҳангаронцемент” ОАЖ бўлиб, 2013 йилда мазкур корхонада 1,6 миллион тоннадан ортиқ турли нав ва русумдаги цемент ишлаб чиқарилди.

Бир минг икки юз нафар ишчи меҳнат қилаётган корхонада минерал тола, акустик плиталар ва ёнғинга чидамли ғишт ишлаб чиқарилмоқда. Илгари корхонанинг ишлаб чиқариш қуввати йилига атиги 450 минг тоннани ташкил этган бўлса, амалга оширилган модернизация, техник ва технологик янгилаш ишларидан сўнг ишлаб чиқариш ҳажмини бир неча баробар кўпайтиришга эришилди. Хусусан, печ ва тегирмон бинолари таъмирланди, тоғ техникаси, редуктор, компрессор ва двигателлар харид қилинди.

“Ўзқурилишматериаллари” акциядорлик компаниясидан олинган маълумотларга кўра, ўтган йили қурилиш гипси, қуруқ қурилиш аралашмалари, шиша маҳсулотлар ишлаб чиқаришда ҳам салмоқли натижаларга эришилди. Бу борада қишлоқ жойларда намунавий лойиҳалар асосида уй-жой қурилишида қўлланилаётган шишанинг асосий етказиб берувчиларидан бири – “Кварц” очиқ акциядорлик жамиятининг ютуқлари сезиларли бўлди. 2013 йилда жамият томонидан 13 миллион квадрат метр қурилиш шишаси ишлаб чиқарилиб, унинг 362 минг квадрат метри қишлоқларда қурилаётган янги уйларга етказиб берилди.

Корхона маҳсулоти юқори сифати ва нисбатан арзонлиги билан ажралиб туради. Бу қурилиш саноати корхоналари ўртасида тармоқлараро кооперация тобора ривожланиб бораётгани самарасидир. Масалан, “Кварц” очиқ акциядорлик жамиятига хомашёнинг аксарият қисми, жумладан, кальцийланган сода, дала шпати, доломит ва оҳактош маҳаллий компаниялар томонидан етказиб берилмоқда.

Маҳсулот сифатини яхшилаш ва турини кўпайтириш мақсадида замонавий жиҳозлар харид қилинди. Эндиликда бу ерда мураккаб тузилишга эга шиша буюмлар учун формокомплектлар ишлаб чиқариш ҳамда улар юзасига юқори аниқликда логотип ва деталлар тушириш имконияти пайдо бўлди. Илгари хориждан импорт қилинган бронзали шиша ишлаб чиқариш ўзлаштирилди.

Мамлакатимизда қишлоқ инфратузилмаси жадал суръатларда ривожланаётгани сифатли деворбоп материалларга бўлган талабни ошириб юборди. Айниқса, қурилишда гипсокартон кенг қўлланилмоқда. Бугунги кунда бундай маҳсулот “Кнауф Гипс Бухоро” МЧЖ томонидан ишлаб чиқарилмоқда.

Умуман, 2013 йилда маҳаллийлаштирилган маҳсулот ҳажми 147,2 миллиард сўмни ташкил этиб, 2012 йилга нисбатан 15,3 фоизга ортди.

Компания томонидан инвестиция лойиҳаларини амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. 2013 йилда компания 14 лойиҳага қўл уриб, улар доирасида мингдан ортиқ янги иш ўрни яратилди.

Қурилиш материаллари саноатининг энг йирик тармоқларидан бири бўлган цемент саноатида қатор лойиҳалар амалга оширилди. Масалан, “Бекободцемент” очиқ акциядорлик жамиятида амалга оширилган модернизация ишлари туфайли йилига 850 минг тонна цемент клинкери ишлаб чиқариш қувватига эга қуруқ цемент ишлаб чиқариш бўйича янги линия барпо этилди. Линиянинг фойдаланишга топширилиши 120 янги иш ўрни яратиш ҳамда ишлаб чиқариш ҳажмини ҳар йили 1 миллион тоннага етказиш имконини берди.

“Ўзқурилишматериаллари” АК тизимидаги корхоналарнинг самарали фаолияти натижасида ўтган йили нафақат экологик соф, хизмат муддати узоқ, тежамкор қурилиш материаллари ишлаб чиқариш кўпайгани, балки уларнинг тури кенгайганини ҳам таъкидлаш жоиз. Қурилиш материаллари ишлаб чиқаришнинг умумий ҳажми 2012 йилга нисбатан 5,8 фоизга ортиши таъминланди.

Мамлакатимиз ишлаб чиқарувчилари маҳсулотларига хорижда ҳам талаб юқори. 2013 йилда қурилиш материаллари экспорти ҳажми 74,1 миллион АҚШ долларини ташкил этди. Яқин истиқболда Афғонистон, Эрон, Россия, Туркманистон, Бирлашган Араб Амирликлари ва бошқа мамлакатларга маҳсулот етказиш йўлга қўйилади.

Возврат к списку


загрузка карты...