25.02.2014

Халқаро кўргазмалар иш бошлади

Тадбирлар Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги, Савдо-саноат палатаси, Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси, “Ўзқурилишматериаллари” акциядорлик компанияси, “Ўзкоммунхизмат” агентлиги билан ҳамкорликда “ITE Uzbekistan” халқаро кўргазма компанияси ва унинг хорижий шериклари томонидан ташкил этилди.

Кўргазмаларнинг очилиш маросимида Ўзбекистонда қурилиш ва мебелсозлик соҳалари жадал тараққий этаётгани, бу мамлакатимизни янада ривожлантириш, аҳоли турмуш даражасини юксалтиришда муҳим омил бўлаётгани таъкидланди.

Мамлакатимизда кенг кўламли қурилиш ва ободонлаштириш ишлари амалга оширилмоқда. Миллий ва замонавий меъморлик анъаналарини уйғунлаштирган муҳташам иншоотлар, йўл ва кўприклар, турар-жойлар, корхоналар қурилмоқда. Ижтимоий инфратузилма объектлари, муҳандислик-коммуникация тармоқлари бунёд этилмоқда.

Президентимиз Ислом Каримовнинг 2005 йил 24 мартда қабул қилинган “Қурилиш материаллари саноатида иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштириш ва тармоқни жадал ривожлантириш тўғрисида”ги фармони, 2010 йил 17 июнда имзоланган “Қишлоқ жойларда намунавий лойиҳалар асосида хусусий уй-жой қурилишини кенгайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ юртимизда кенг турдаги қурилиш материаллари ишлаб чиқарилмоқда.

Қурилиш ишлари ҳажми, халқимизнинг маиший шароит ва интерьерларга бўлган талаби ортиб бораётгани ушбу соҳани изчил модернизациялаш, ишлаб чиқаришга замонавий технологияларни жорий қилишни тақозо этмоқда.

Пойтахтимизда очилган қурилиш, мебель ишлаб чиқариш, интерьер ва дизайн, иситиш-совутиш тизимлари, сув таъминоти, сантехника ҳамда бассейнларга ихтисослашган халқаро кўргазмалар ушбу соҳалардаги замонавий технологиялар билан танишиш, бизнес-шериклар топиш ва ҳамкорлик ўрнатиш, ўзаро тажриба алмашиш учун кенг имконият яратади.

“UzBuild-2014” ва “Aqua-Therm Tashkent-2014” кўргазмаларида Ўзбекистон, Австрия, Беларусь, Бирлашган Араб Амирликлари, Германия, Греция, Дания, Жанубий Корея, Испания, Италия, Канада, Польша, Россия, Финляндия, Франция, Хитой, Швейцария, Эрон каби 20 мамлакатдан 130 дан ортиқ фирма ва компания ўз маҳсулотлари ҳамда хизматлари билан иштирок этмоқда. Улар қурилиш материаллари, иситиш тизимлари учун мосламалар, хомашё ва бутловчи қисмлар етказиб бериш, қўшимча турдош товарлар савдоси билан шуғулланади.

– Компаниямиз дунёнинг ўн бешдан ортиқ мамлакатига қурилиш ускуналарини етказиб беради, – дейди “Sunrise Industrial” компанияси (Хитой) менежери Жоанна Лиу. – Ўзбекистон бозорида беш йилдан буён фаолият юритяпмиз. Бу даврда ўзбекистонлик кўплаб ҳамкорлар билан ўзаро манфаатли алоқаларни йўлга қўйдик. Компаниямиз ўтган йили “UzBuild” кўргазмасида биринчи марта иштирок этган эди. Мазкур кўргазма ҳамкорлигимизнинг кенгайишига улкан ҳисса қўшди. Бу йилги кўргазма савдо алоқаларимизни янада кенгайтиришга хизмат қилади, деб ишонамиз.

Қурилиш саноатида эришилган ютуқ ва натижаларни сарҳисоб этиш, бу борада соҳа мутахассислари билан фикр ва тажриба алмашиш, ўзаро манфаатли шартномалар имзолашда мамлакатимизда ўн бешинчи марта ўтказилаётган “UzBuild” кўргазмаси катта аҳамият касб этади. Кўргазмага қўйилган маҳсулотлар ва таклиф этилаётган хизматлар хилма-хиллиги билан аввалгиларидан ажралиб туради. Қурилиш материаллари ва ускуналари, иситиш ва вентиляция тизимлари, эшик-ром, лок-бўёқ, том ёпиш материаллари, пол қопламалари, сопол ва пардозлаш тошлари, бетон блоклар, лифтлар, бутловчи қисмлар, электроника ва ёритиш техникаси сингари экспонатлар кўргазмага ташриф буюрганлар эътиборини тортмоқда.

“Aqua-Therm Tashkent” кўргазмасининг асосий мақсади биноларни қуриш ва улардан фойдаланишда ҳавони совутиш, иситиш ҳамда сув таъминоти учун тизимли ечимлар соҳасидаги эҳтиёжни таъминлашдан иборат. Мазкур тадбирнинг ўтказилиши ниҳоятда долзарб аҳамиятга эга. Сабаби, мамлакатимиз иқлим шароити иссиқлик таъминоти, ҳавони совутиш ва сув етказиб бериш бўйича амалий муҳандислик ечимлари жорий этишни талаб қилади.

“Aqua-Therm Tashkent-2014” учинчи халқаро кўргазмасида иштирокчилар ушбу саноат тармоғи томонидан тақдим этилаётган барча турдаги маҳсулотлар билан танишмоқда. Хусусан, мамлакатимизнинг “VEN-KON” хусусий корхонаси кенг бинолар учун вентиляция ускуналарини, Испаниянинг “AstralPool” компанияси турфа хил фаввораларни намойиш этмоқда.

– Ўзбекистонда амалга оширилаётган улкан бунёдкорлик ишлари қурилиш соҳасида ҳамкорликни янада кучайтириш учун кенг имкониятлар яратмоқда, – дейди Новара Савдо палатасининг махсус агентлиги – E.V.A.E.T. (Италия) вакили Альберто Кальдерано. – Италия сантехника буюмлари ва қурилиш жиҳозлари ишлаб чиқарувчиларининг ўзбекистонлик ҳамкорлар билан ўзаро манфаатли алоқалари йилдан-йилга мустаҳкамланиб бораётир. Мамлакатимиз компаниялари “Aqua-Therm Tashkent” кўргазмасида иккинчи марта иштирок этмоқда. 2013 йилда ўзбекистонлик ҳамкорлар билан шартномалар имзолаган эдик. Жорий йилда бундай ҳамкорликни йўлга қўйиш истагини билдирган компаниялар янада кўпайди ва таклиф этилаётган маҳсулот турлари ҳам сезиларли даражада кенгайди.

Ўзбекистонда мебель ишлаб чиқариш сўнгги йилларда жадаллик билан ривожланмоқда. Иқтисодиётнинг саноат сектори, шу жумладан, мебель ишлаб чиқариш соҳаси салоҳияти ҳам йилдан-йилга ошиб бормоқда. Корхоналарда замонавий технологиялардан фойдаланиш натижасида жаҳон стандартларига мос маҳсулот турлари кўпаймоқда.

Ўн биринчи бор ташкил этилган “MebelExpo Uzbekistan 2014” кўргазмаси мебелсозлик ва ёғочга ишлов бериш саноатининг барча замонавий йўналишларини ўзида мужассам этган. Кўргазмада уй ва офис мебеллари, мебель фурнитураси, уларни ишлаб чиқариш ва ёғочга ишлов бериш ускуналари, интерьер ва дизайн, меъморлик ҳамда лойиҳалашга оид маҳсулотлар намойиш этилмоқда.

“MebelExpo Uzbekistan-2014” кўргазмасида 13 мамлакатдан 70 фирма ва компания ўз маҳсулотларини намойиш этмоқда. Улар орасида Ўзбекистонга мебель, шунингдек, уни ишлаб чиқариш учун хомашё ва ускуналар етказиб бериш билан шуғулланадиган "Eman" Ўзбекистон-Литва қўшма корхонаси ҳам бор.

– Ўзбекистонда мебель саноатининг жадал ривожланиб бораётгани соҳада фойдаланиладиган юқори технологияли ускуналарга бўлган талабни оширмоқда, – дейди “Eman” қўшма корхонасининг ташқи иқтисодий алоқалар бўйича менежери А.Серикбаев. – “Altendorf”, “Leitz”, “Krono” каби етакчи хорижий компанияларнинг мебель ва унинг аксессуарларини ишлаб чиқарадиган, ёғочга ишлов берадиган ва бошқа ускуналарни етказиб берамиз. Хорижий шерикларимиз ўзбекистонлик мебель ишлаб чиқарувчилар билан ҳамкорликни янада кенгайтириш ниятида. Ушбу кўргазма самарали ишбилармонлик алоқаларининг йўлга қўйилишида қулай имкониятдир.

Мамлакатимизда ишлаб чиқарилаётган турли дизайндаги мебель жиҳозлари юқори сифати, рақобатбардошлиги ва чидамлилиги билан ажралиб туради. Улар хорижнинг дунёга машҳур фирмалари маҳсулотларидан асло қолишмайди. Шу боис юртимизда мебель импорти кескин пасайиб, экспорти тобора ошмоқда. Ички ва ташқи бозорда Ўзбекистонда тайёрланган мебелга талаб ошиб бораётгани мамлакатимизда мазкур соҳа изчил равнақ топаётганидан яна бир далолатдир.

– Давлатимиз томонидан хусусий тадбиркорликнинг кенг қўллаб-қувватланаётгани туфайли корхонамизда замонавий ва сифатли мебеллар ишлаб чиқаришни йўлга қўйдик, – дейди “Кенг Макон” масъулияти чекланган жамияти бош директори Ҳикмат Раҳимов. – “MebelExpo Uzbekistan-2014” кўргазмасида иштирок этиб, халқаро мебель бозорига чиқишга муваффақ бўлдик.

Халқаро кўргазмалар талаб ва таклифни ўрганиш, товар айирбошлашни ривожлантириш, мамлакатимизга хориж сармоясини жалб этиш ва саноатни янада тараққий эттиришга хизмат қилади. Бунинг самарасида янги ишлаб чиқариш қувватлари ва қўшма корхоналар ташкил этилади, мамлакатимизнинг экспорт салоҳияти ҳамда халқаро савдо муносабатлари янада мустаҳкамланади.

Возврат к списку


загрузка карты...