09.12.2016

“Тадбиркорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш механизмларини янада такомиллаштиришнинг долзарб масалалари” мавзуида ташкил этилган халқаро давра суҳбати

Пойтахтимизда “Тадбиркорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш механизмларини янада такомиллаштиришнинг долзарб масалалари” мавзуида ташкил этилган халқаро давра суҳбатида бу алоҳида қайд этилди. Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази, Адлия вазирлиги ҳузуридаги Юристлар малакасини ошириш маркази, Демократлаштириш ва инсон ҳуқуқлари институти ҳамда Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ЕХҲТ) ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда давлат ва жамаот ташкилотлари, халқаро экспертлар иштирок этди.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори А.Саидов, Юристлар малакасини ошириш маркази директори А.Ғафуров, Демократлаштириш ва инсон ҳуқуқлари институти директори С.Хўжаева ва бошқалар мамлакатимизда тадбиркорликни ривожлантиришга бўлган доимий эътибор туфайли бу соҳа нафақат ялпи ички маҳсулотни шакллантиришда, балки аҳоли бандлигини таъминлашда муҳим ўрин тутиб келаётганини таъкидлади. Бунда Биринчи Президентимиз Ислом Каримовнинг кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик жамиятимизнинг, тараққиётимиз ва фаровон ҳаётимизнинг мустаҳкам таянчи бўлиши шарт, деган эзгу ғояси мустаҳкам пойдевор бўлди.

Ҳозирги кунда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликка янада кенгроқ эркинлик бериш, уларнинг фаолиятига ноқонуний аралашишнинг олдини олиш давлат сиёсатининг устувор йўналиши ва биринчи даражали вазифаларидан бирига айланган. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 5 октябрдаги “Тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлашга, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилишга ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони тадбиркорлик соҳасида давлат сиёсати сифат жиҳатидан янги даражага кўтарилганининг далолати бўлди.

Давра суҳбатида тадбиркорлик фаолиятини амалга оширишга таъсир кўрсатадиган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва улар лойиҳаларини жамоатчилик назоратидан ўтказиш концепцияси ишлаб чиқилгани қайд этилди. Бундан кўзланган мақсад соҳага оид ишлаб чиқилаётган қонун ҳужжатлари том маънода тадбиркор манфаатига хизмат қилишини таъминлашдир.

Тадбирда тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришни таъминлашга доир амалга оширилаётган чора-тадбирлар билан бирга, бу борадаги халқаро тажриба, Омбудсман институтининг тадбиркорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга оид чет эл тажрибаси бўйича фикр алмашилди.

УзММК ахборот хизмати

Возврат к списку


загрузка карты...